Россия тунда яна Киевни бомбардимон қилди. Ўнлаб қурбонлар бор (видео)
Олам
−
05 август 3561 2 дақиқа
Россия қўшинлари бугун, 5 августга ўтар кечаси Украина пойтахти Киев шаҳри ва Киев вилоятига баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, 50 га яқин одам яраланди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 9 нафари Бровари туманида, 4 нафари Буча туманида, яна бир нафари Фастив туманида вафот этган. Шу билан бирга, яна камида 22 киши жароҳатланган.
Ҳужум натижасида Буча, Бровари ва Фастив туманларида вайронгарчиликлар қайд этилган. Бровари туманида омборхоналар ва ишлаб чиқариш бинолари шикастланган. Буча ҳамда Фастив туманларида ҳам омбор биноларига зарар етган.
“Укрзалізниця” компаниясининг маълум қилишича, Киев вилоятида ҳужум нишонига айланган логистика марказлари яқинидаги темирйўл платформасида бўлган одамлар орасида ҳам қурбонлар бор.
Ҳужум Киев шаҳрининг ўзига ҳам уюштирилган. Шаҳар мери Виталий Кличконинг билдиришича, пойтахтда бир киши ҳалок бўлган, яна 26 киши жароҳатланган. Уларнинг 16 нафари шифохонага ётқизилган, 4 нафарининг аҳволи оғир.
Кличконинг қайд этишича, Голосеев туманида хусусий турар-жой биноси ва омборхона вайрон бўлган. Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Шунингдек, ушбу тумандаги нотурар жой ҳудудига зарба берилгани оқибатида аммиак сизиб чиқиши юз берган.
Эслатиб ўтамиз, Россия дрони кеча, 4 август куни Украинанинг Херсон шаҳрида кўча бўйида сабзавот сотаётган эркакни таъқиб қилиб, унга зарба берган эди.
Live
Барчаси