Россия “Толибон” билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади

Олам

image

Россия ва Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.

Қайд этилишича, бу воқеа Москва вилоятида бўлиб ўтаётган Халқаро хавфсизлик форуми доирасида юз берган. Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ҳамда “Толибон” мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб (“Толибон”нинг собиқ ҳарбий комиссари ва ҳаракат асосчиси Мулла Умарнинг ўғли) ўртасидаги учрашувдан сўнг имзоланган шартнома тафсилотлари ошкор қилинмаяпти.

Шойгу билан учрашув чоғида Ёқуб Москва ва Қобул “икки томонлама муносабатларни кенгайтирганини” маълум қилган. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари эса ўз навбатида Ғарбни Афғонистон активларини блокдан чиқаришга ва мамлакатни қайта тиклашни молиялаштиришга чақирган. “Важные истории” нашрининг қайд этишича, бу каби келишувлар одатда томонлар ўртасида қурол-яроғ, лицензиялар, ҳарбий технологиялар алмашинувини ва биргаликдаги ишланмаларни олиб боришни назарда тутади. Бироқ шарқшунос Руслан Сулеймановнинг фикрича, ушбу шартнома кўпроқ “рамзий қадам” бўлиб, “жиддий ҳарбий ҳамкорлик ва “Толибон”га [Россия] технологияларини топшириш” учун реал асослар мавжуд эмас.

“Шимолий Корея билан бўлгани каби қандайдир ҳарбий иттифоқ ёки ҳарбий коалиция аниқ тузилмайди. Россиянинг “Толибон”га таклиф қиладиган деярли ҳеч вақоси йўқ. У асосий савдо ҳамкори эмас. Бугунги кунда Қобул учун бош иқтисодий шериклар Хитой, Эрон ва Покистон ҳисобланади. Россия товар айирбошлаш ҳажми бўйича кучли ўнталикка кирса ҳам катта гап”, дейди у “The Insider” нашрига. 

Сулеймановнинг фикрича, Россия Афғонистонга ҳарбий мутахассислар юбориши ёки у ерда “локал машғулотлар ва йўриқномалар” ўтказиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ёзида Москва “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб, уларнинг Москвадаги элчисини қабул қилган эди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Толибон ҳарбий ҳамкорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг