Россия Суриядаги аэродромдан қўшинларини олиб чиқмоқда
Олам
−
09:35 3149 2 дақиқа
Россия Суриянинг шимоли-шарқида жойлашган Қамишли шаҳри яқинидаги ҳарбий аэродромдан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу жараён ҳукумат кучлари мазкур ҳудуддан курд қуролли тузилмаларини сиқиб чиқарганидан сўнг бошланган. Россия қўшинларининг чиқарилаётгани ҳақидаги ахборотни “Kurdistan24” нашри ҳам тасдиқлаган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча ушбу маълумотларга изоҳ бермаган.
Нашрнинг исми ошкор этилмаган икки манбасига кўра, Россия ўтган ҳафтадан бошлаб Қамишли базасидан ҳарбий хизматчилар ва техникани олиб чиқишни бошлаган. Манбалардан бирининг айтишича, россиялик ҳарбийларнинг бир қисми Латакия вилоятидаги Россиянинг “Хмеймим” авиабазасига йўналтирилади, яна бир қисми эса Россияга қайтарилади.
ОАВга кўра, Россия қўшинлари Қамишли аэродромида 2019 йилдан бери жойлашиб келган. Ушбу объект тинчликпарварлик операциясини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилган бўлиб, унда россиялик ҳарбийлар курд ва Туркия қўллаб-қувватлаган кучларни бир-биридан ажратишда иштирок этган.
Сурияда ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара ҳокимиятга келганидан сўнг, ҳукумат қўшинлари мамлакатнинг шимоли ва шарқидаги кенг ҳудудларни назоратига олди ва у ердан курд кучларини сиқиб чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, Суриянинг муваққат етакчиси Аҳмад аш-Шара Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида эртага, 28 январь куни Москвага боришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Учрашувда Суриянинг ўтиш давридаги ҳукумати Россия ҳарбийларидан Қамишли аэродромини бутунлай тарк этишни сўраши мумкин.