Аш-Шара Путин билан учрашиш учун Москвага боради
Олам
−
08:53 1577 2 дақиқа
Суриянинг муваққат етакчиси Аҳмад аш-Шара Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида эртага, 28 январь куни Москвага боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Syria TV” телеканали хабар берди.
ОАВга кўра, Суриянинг ўтиш давридаги ҳукумати Россия ҳарбийларидан Қамишли аэродромини тарк этишни сўраши мумкин. Москва ушбу аэродромдан 2019 йилдан буён фойдаланиб келмоқда.
Владимир Путин ва Сурия етакчиси ўртасидаги аввалги учрашув октябрь ўрталарида бўлиб ўтган. Ўшанда томонлар собиқ президент Башар Асад ҳукумати даврида имзоланган келишувларни қайта кўриб чиқиш имкониятини муҳокама қилган. Шунингдек, музокаралар чоғида Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари масаласи ҳам кўтарилган.
Мазкур сафардан бироз олдин аш-Шара “бугунги кунда Сурия Россия билан тинч ва барқарор муносабатлар ўрнатганини”, бу алоқалар “стратегик манфаатларга асосланганини” ва Дамашқнинг Ғарб, хусусан АҚШ билан ҳамкорлигига зид эмаслигини таъкидлаган.
У ноябрь ойида Россия Сурияга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида зарур эканини маълум қилган. Аш-Шаранинг сўзларига кўра, Сурия қатор масалаларда Россиянинг овозига муҳтож. Шунингдек, у Дамашқ билан Москва ўртасида стратегик манфаатлар сақланиб қолаётганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, икки етакчи ўртасидаги сўнгги учрашувдан кейин Россиянинг юк самолётлари яна Суриянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазасига парвоз қилишни бошлаганди.
Live
Барчаси