Россия сўнгги манзилга етиб келди. Ядро қуроли ишлатиладими?
Таҳлил
−
29 Май
48800825 кун. Замонавий дунёда кенг кўламдаги уруш билан давом этадиган минтақавий можаро учун жуда катта муддат. Глобаллашган янги дунё тартибида ер юзининг қайси нуқтасида муаммо содир бўлмасин, бу салбий жараён қолганларни ҳам ўз домига тортади. Шундай экан, барча бирдек бўлмаса-да, аксар дунё давлатлари Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг якунланишидан манфаатдор. Бироқ бу ҳолатда урушнинг тугал нуқтаси ҳали кўринадиганга ўхшамайди. Вазият ташқи босимларнинг жиддийлашуви ва Ғарбдаги ҳукуматларнинг урушнинг бориши тўғрисидаги позицияси кескин ўзгаришини талаб қилди.
Дастлаб ўзи томонидан юборилаётган қуроллар фақат мудофаа мақсадларида қўлланилиши мумкинлигини тинмай уқтириб келаётган Украинанинг урушдаги ҳамкорлари эндиликда уларнинг Россия ҳудудида ҳам фойдаланилишига қарши эмас. Россия ҳудудига зарба бериш учун қатъий тақиқ қўйган ва бунинг оқибатлари жуда ёмон бўлиши хусусида муттасил баёнот бериб келган давлатлар эндиликда бу чекловдан воз кечишни бошлади. Уруш аввалида Ғарб учун иккита жиддий табу бор эди. Булар: Украинага қўшин юбормаслик ва юборилаётган қуролларнинг Россия Федерацияси ҳудудида қўлламаслик. Айни дамда урушнинг икки йили ортда қолиб, учинчи тақвим йили ҳам бошлангани Украинани ҳар томонлама қўллаб келаётган давлатлар томонидан ушбу можарога нисбатан ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишга олиб келди. Дастлаб ҳаммани ҳайратда қолдирган ҳолда Франция Президенти Эммануэль Макрон, Украина ҳудудига француз қўшини юборилиши мумкинлигини шама қилган ва бу сўзлари учун танқидлар остида қолганди. Бироқ бу каби сигналлар тўхтамади. Кейинчалик Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва яна бошқа бир қанча Европа давлатлари расмийлари томонидан Украинага юборилаётган қуролларнинг Россияга зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари бирин-кетин янграй бошлади. Бу эса бугунки кунда Украина Россия ҳудудига тўғридан тўғри ўт очиш эҳтимолини тубдан оширмоқда ва мазкур жараён содир бўладиган бўлса, бизни жиддий трагедик саҳналар кутяпти, деб бемалол тахмин қилиш мумкин.
Ғарб позициясининг ўзгариши
Россия урушдан кўзлаган мақсадларига ета олмаяпти. Украина эса руслар томонидан қўйиладиган шартлар асосида музокаралар олиб боришга рози эмас. Уруш эса нафақат ушбу икки славян давлатларининг тинкасини қуритди, балки жуда кўплаб мамлакатларнинг бир қанча соҳаларига жиддий зарар етказди. Икки йиллик ижобий кутиш ўз ишини бермади ва коллектив Ғарб юмшоқ таъсир чоралар қўллаш йўлидан эндиликда ўта жиддий ишларни амалга оширишга ўтгандек таассурот қолдирмоқда. Бироқ илгари ҳолат бундай эмас эди. Украинага Ғарбдан етказиб берилган ҳар бир қурол учун улар фақат Украина ҳудудида қўлланилиши ҳақида шарт қўйиб келинди. Россия ҳудуди бу масалада мутлақ табу ҳисобланар эди. Уруш иштирокчисига айланиб қолмаслик Ғарб учун устувор вазифа бўлиб, улар бу мақомдан доимий равишда масофа сақлаб келди. Бу қатъий масофа “қўрқув сукунати” дея баҳоланган тақдирда европалик сиёсатдонлар Украина-Россия масаласидаги қарорларини ўзгартирмади. Бироқ энди расмийларнинг позициясида кескин бурилишлар рўй берди. Кўҳна қитъада центрист мақомидаги Франция Президенти Эммануэль Макрон ушбу тенденцияни бошлаб берди.
Май ойи бошида Франция Президенти “The Economist” нашрига берган интервьюсида агар фронт чизиғи бузилган ҳолатда Киев расман ёрдам сўраса, Париж Украинада қадам қўйиши мумкинлигини айтди. Деярли бир вақтда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон “Reuters” агентлигига Британия Киев режимига ўзи тақдим этган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришга рухсат берганини маълум қилди. Бу ростманасига урушни янги босқичга олиб чиқувчи воқелик бўлди. Эндиликда украин иқтидорида ўз қуролларидан агрессорга қарши мамлакат ҳудудидан ташқарида ҳам фойдаланишга рухсат берувчи давлатлар рўйхатини кенгайтириш ҳаракатлари устувор масалага айланди. Олий Рада депутатлари бу борадаги ўз юришларини Қўшма Штатлардан бошлаган ҳолда, океан ортига йўл олганди.
Май ойининг ўрталарида Украина делегацияси АҚШ Конгрессини Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролидан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилишини сўраб, Вашингтонга келди. Қайд этилишича, узоқ масофали қуролларни Украинага топширган Байден маъмурияти улардан Россия ҳудудига ҳужумлар учун фойдаланилмаслигини шарт қилиб қўйган. Бу тақиқ Украина Қуролли кучларининг Харьков вилоятида рус қўшинларининг кучайиб бораётган ҳужуми фонида Россия позицияларига ҳужум қилишига йўл қўймайди. Украина парламентининг қурол-яроғ ва ўқ-дорилар бўйича комиссияси раҳбари Александра Устинованинг сўзларига кўра, ҳужумдан олдин Украина Қуролли кучлари Россия чегарасидан бир-икки километр узоқликда россиялик ҳарбий хизматчиларини кўрган, бироқ улар бу борада ҳеч нарса қила олмаган.
“Сиз бизга таёқ берасиз, лекин уни ишлатишимизга рухсат бермайсиз”, деган у Байден маъмуриятига ишора қилиб. Ҳукмрон “Халқ хизматчиси” партияси раиси Давид Арахамия Вашингтонга ташрифи чоғида Оқ уйнинг Россия ичидаги ҳужумларини чеклаш сиёсатини “асосий муаммо” деб атаган.
Украина парламентарийлари АҚШ конгрессменларининг 10 дан ортиқ идораларида уларни Оқ уйга таъсир ўтказишга ишонтириш учун учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзади “Politico”. Бироқ ушбу ташриф амалга оширилган пайтда, икки америкалик расмийнинг нашрга айтишича, Байден маъмуриятининг сиёсати ўзгармаган ва ёрдам Россия ҳудудига қаратилган ҳужум операцияларига эмас, балки мудофаа учун мўлжалланганлигини таъкидлаётган эди. Бироқ орадан бир ҳафта ўтиб ушбу ташрифнинг натижаси дарҳол сезилди ва бу АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Киевга “кутилмаган ташриф”идаги баёнотида акс этди. Россия ҳудудига қуролли зарбаларини тақиқлаш масаласи бўйича ўз позициясини ўзгартирди. АҚШ Президенти маъмуриятида тақиқни юмшатиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда.
Маълумотларга қараганда, Блинкеннинг таклифи шаклланиш босқичида, бироқ Оқ уйнинг қанча вакили ташаббусни қўллаб-қувватлагани ҳозирча номаълум. Айтишларича, давлат котибининг позицияси Россия армиясининг Харьков вилоятидаги ҳужуми туфайли ўзгарган. Бироқ Оқ уйнинг позицияси ўзгариши мушкул. Сабаби Қўшма Штатлар айни дамда ўртага ташлаш учун етарлича “хўрак” бор бўлган паллада майдон марказига чиқиш эҳтимоли жуда паст.
Мазкур мазмундаги баёнотлар фонида Россия ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Рус қўшинлари Жанубий ҳарбий округда тактик ядро қуроллари билан ўқув машғулотлари ўтказди. Ушбу ўқув машғулотлари доирасида Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари “Искандер” оператив-тактик ракета мажмуаси учун ўқ-дориларни қабул қилиш, шунингдек, ракеталарни учиришга тайёргарлик кўриш учун жиҳозлаш ва яширин равишда позиция зонасига ўтиш амалиётини ўтказмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги машғулотлар ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан ўтказилаётганини яна бир бор эслатган. Ўз ўрнида, Кремлдаги мулозимлар амалий ҳаракатлардан ташқари, оғзаки огоҳлантиришлар билан ҳам Европадаги ҳукуматларни ва АҚШни ҳовуридан туширишга уринди. Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова, агар Британия қуроллари Украина томонидан Россия ҳудудига зарба бериш учун ишлатилса, Москва Британия нишонларига зарбалар бериш билан жавоб қайтаришини маълум қилди.
Сиртдан қараганда вазият анча чигаллашган маҳалда, Украина-Россия уруши бошлангандан буён нейтрал мақомга жуда қаттиқ ўрнашиб олган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан яна майдон марказида қитъа давлатларига қарши қаратилган баёноти билан пайдо бўлди. Брюссель НАТОнинг Украинадаги ҳарбий миссиясини режалаштираётгани ҳақида сўз очган Орбан айрим ишчи гуруҳлар НАТО бу урушда қандай иштирок этиши ҳақидаги режалар устида ишлаётганини билдирди. Бу жуда жиддий айблов бўлиб, сиёсатчи Будапешт блок мамлакатларини Украина можаросига бевосита жалб этиши ва Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашув бошлаши мумкин бўлган НАТО ҳаракатларида иштирок этиш ниятида эмаслигини ҳам айтиб ўтди.
Россияни хавотирга солаётган баёнотлар
Бошқа давлатлардан ёрдам тариқасида юборилган қуролларнинг русларга қарши Россия ҳудудида ишлатилишга рухсат бериш борасидаги гап-сўзлар юқоридагилар билан чекланиб қолмади. Бу борадаги жиддий қарашлар ҳукумат даражасидан минтақавий иттифоқ ва йирик ташкилотларга кўчди. Хусусан, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бутун дунё ҳукуматлари Украинанинг Россия ичидаги рус қўшинларига ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиши кераклигини ва бу чекловлар Украина қўшинларининг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш қобилиятини пасайтираётганини айтди. Столтенберг Россиянинг 2022 йил бошида бошланган Украинага кенг кўламли бостириб кириши халқаро ҳуқуқни бузиш эканлигини ва Украина ўзини ҳимоя қилиш, жумладан “Украина ташқарисидаги қонуний нишонларга” зарба бериш ҳуқуқига эга эканини айтди. Мисол тариқасида Столтенберг Харьков вилоятидаги вазиятни келтирди.
“Россия қўшинлари Россия ҳудудида бўлиб, чегаранинг нариги томонида жойлашган Украина ҳудудига ҳужум қилмоқда. Олдинги чизиқ кўп жиҳатдан чегара чизиғи. Агар сиз Россия қўшинларига чегаранинг нариги томонида бўлгани учун ҳужум қилолмасангиз, у ҳолда сиз Украина кучларининг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини сезиларли даражада камайтирасиз”, дейди НАТО Бош котиби.
Бу орада Европа Иттифоқи расмийлари ҳам мазкур масала юзасидан қолганлар билан якдилликни намойиш этди. Иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеф Боррель давлатларни Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш зарурати билан кескинлашувдан қўрқишни мувозанатда сақлашга чақириб, Киев Россияга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга ҳақли эканини айтди. У уруш қонунига кўра, бу мутлақо мумкинлигини билдирди ва Боррель Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари билан учрашув бошида: “мен жавоб қайтаришим мумкин ёки менга қарши ўз ҳудудидан жанг қилганга қарши жанг қилишим мумкин” дея сўз бошлади. Брюсселдаги йиғилишда яна бир қанча мудофаа вазирлари Боррельнинг чақириғини қўллаб-қувватлади. Голландия Мудофаа вазири Кайса Оллонгрен Нидерландияда ҳеч қандай чекловлар йўқлигини ва турли позицияга эга бўлган бошқа давлатлар буни ўзгартиришига умид қилишини айтди. Эстониялик Ханно Певкур Украинага қурол берган ҳар бир давлат Киевга Россия ҳудудига зарба беришга рухсат беришига умид қилишини маълум қилди.
Бундан ташқари, ўтган яқин бир ҳафта ичида турли давлатлар сиёсий элитасида шу каби яна кўплаб баёнотлар янгради. Болтиқбўйи ва Скандинавияда ҳам айни дамда муҳокама марказидаги қарорни қўллаб-қувватлаш кайфияти мустаҳкамланди. Бошқа давлатлар қатори расмий Стокгольм ҳам Швециядан Украинага юборилган қуроллар Россия ҳудудида фойдаланилишига рухсат берган бўлса, Эстония Президенти Алар Карис тўғридан тўғри Россия манзилига таҳдидомуз баёнот йўллади. У Кремлни тиз чўктириш ва шу орқалигина икки давлат ўртасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш мумкинлигини айтди.
Ҳозирча “майда ва жонсиз” бўлиб кўринаётган ушбу баёнотлар ортида жуда катта потенциал шаклланиб бормоқда. Бунинг таъсирида Украинанинг рус ерларига зарбасига бир неча қадам қолган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Қайси бири устун – халқаро ҳуқуқми ёки Россия ядро доктринаси?
Халқаро ҳуқуқ нормаларига назар ташлайдиган бўлсак, Украина бу масалада Россия ҳудудига зарба бериш ҳуқуқига эга. Россия уруш бошлагани сабабли, Украина ўзини ҳимоя қилиш учун куч ишлатиш ҳуқуқига эга ва бу куч ишлатиш фақат Украина чегаралари билан чекланиб қолмайди. Яъни, агарда ўзини ҳимоя қилиш учун зарурат туғилса, Украина Россиянинг стратегик ҳарбий объектларига зарба бериши мумкин. Фақат бу борада иккита чеклов мавжуд. Биринчиси, Украина томонидан мудофаа ҳужумлари номутаносиб бўлмаслиги лозим. Бу талаб руслар томонидан қилинган ҳужумнинг кўлами доирасида жавоб қайтариш лозимлигини англатади. Иккинчи қатъий талаб эса халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш, яъни Россия ҳудудига зарба берилган тақдирда фуқаролик объектлари (турар-жой, шифохона, мактаб, турли бинолар ва ҳоказолар) нишон бўлмаслиги керак.
Умуман олганда, Украинанинг мудофааси аслида унинг ҳудуди билан чекланмайди. Ғарб шу чоққача вазминлик билан ҳаракат қилиб келаётган эди ва улар Путин томонидан ўзларига уруш ташкилотчиси мақоми берилишига сабаб қолдирмоқчи эмасдилар. Бироқ можаронинг узоққа чўзилгани ва бу ҳолат Европа ички ва ташқи сиёсатида “турбулент”лик ҳосил қилаётгани туфайли Ғарб расмийлари халқаро ҳуқуққа мурожаат қилиш ҳақида ўйлай бошлади. Украинанинг аслида мавжуд ҳуқуқи энди ёдга олинди. Баъзиларнинг қарашича, бу қарор жуда кеч қабул қилиняпти ва халқаро ҳуқуққа жуда кеч мурожаат қилинди. Аммо ҳолат сиёсий ечимларни талаб қилган маҳал халқаро ҳуқуқ ўз жойини вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинадиган сиёсий қарорларга бўшатиб беради. Шундай экан, Ғарб элиталари ортда қолган икки йил давомида бундай қарорга келишни маъқул кўрмаган бўлса, бунинг сабаби ўша пайтдаги параметрлар бунга ҳожат йўқлиги хусусида хулоса бергани бўлиши мумкин.
Бироқ масалага фақат халқаро ҳуқуқ призмасидан қараш етарли эмас. Россия ҳудудига зарба беришга қарор қабул қилишда халқаро ҳуқуқдан-да кўпроқ аҳамият қаратишимиз лозим бўлган жиҳат мавжуд. Бу – Россия Федерациясининг ядро доктринаси.
Россия ер юзидаги энг йирик ядро арсеналига эга бўлган давлат ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатнинг алоҳида ядро доктринаси мавжуд ва ушбу қуролдан фойдаланиш айнан мана шу ҳужжат асосида тартибга солинади. Ҳарбий можаро юзага келган тақдирда, Россиянинг ядровий тўсиқ бўйича давлат сиёсати Россия Федерацияси учун мақбул шартларда урушни тугатишга қаратилган бўлади. Мазкур концепция урушга кирган Россиянинг олдида фақатгина ғалаба қозониш ва аксинча ҳолатда ядро каллакларини ишга солиш каби икки йўл мавжудлигини англатади. Бироқ бу ҳаммаси эмас. 2020 йил июнь ойида Россия Президенти Владимир Путин “Ядровий тўсиқлар соҳасида давлат сиёсати асослари” ҳужжатини тасдиқлади. Ушбу ҳужжат ядро қуролидан фойдаланиш шартларини кенгайтирди.
Бунгача бўлган даврда Россия ядровий доктринаси асослари бир қанчани ташкил этарди. Лекин ўзгаришлар ядро қуролидан фойдаланишга сабаб бўлувчи яна икки асосни тақдим қилди. Булар қуйидагилардир:
- 1. Россия ва унинг иттифоқчилари ҳудудига ҳужум қилувчи баллистик ракеталар учирилганлиги тўғрисида ишончли маълумот олиш;
- 2. Душманнинг Россия Федерациясининг муҳим давлат ва ҳарбий объектларига таъсири, уларнинг муваффақиятсизлиги ядровий кучларнинг жавоб ҳаракатларининг бузилишига олиб келади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иккинчи янги ҳолат энг катта кенгайтирувчи аҳамиятга эга. Уларнинг сўзларига кўра, “душманнинг Россия Федерациясининг муҳим ҳукумат ва ҳарбий объектларига таъсири” ибораси жуда ноаниқ ва потенциал душманга кўплаб саволлар туғдириши мумкин. Айнан шулар асосидаги “сўз ўйини” бугун Украинани Россия ҳудудига ёки ҳарбий объектларга ҳужум қилишдан қайтариши мумкин.
Шу билан бирга, “асослар”да шундай дейилади: “ҳарбий можаро юзага келган тақдирда, Россиянинг ядровий тўхтатиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати Россия Федерацияси учун мақбул шартларда ҳарбий операцияларни тўхтатишга қаратилган”. Агар кенг маънода талқин қилинса, бу қоидани Россия расмийлари можаролар йўлида бурилиш нуқтасини олиб келиш учун чекланган миқёсда ядро қуролидан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблашининг расмий тасдиғи сифатида талқин қилиш мумкин. Можаронинг ўтган даврида шу асосга мурожаат қилиш ҳақида бир қанча миш-мишлар бўлишига қарамай, ҳали руслар бу асосни амалда қўлламади.
Якун учун қандай сценарийлар мавжуд?
Бутун Ғарб дунёси Украинага ўз қуролларидан Россияга қарши унинг халқаро тан олинган ҳудудида фойдаланиш ҳуқуқини тақдим қилиши кўп нарсани англатмайди. Сабаби, Россиянинг ядро доктринасини четлаб ўтиб, бундай қарорни қабул қилиш учун ўта қатъий сиёсий ирода талаб этилади. Кенг жамоатчилик бугунги ҳолатга унчалик эътибор қаратмаётган бўлса-да, вазият ўзининг ўта қалтис қисмига етиб келди. Бугун Украина борган сари фронтни бой беришга яқинлашмоқда. Россия ҳудудини нишонга олиш орқали фронт чизиғини анча ортга қайтариш муқобили мавжуд бўлмаган ягона йўл бўлиб кўринмоқда. Бироқ Путиннинг “санитария зонаси” ҳақидаги қўпол огоҳлантиришлари ва ядро доктринаси уларни бу қарордан қайтармоқда, дейишимиз мумкин. Аммо ўз ўрнида Кремль ҳам ядродан осонликча фойдалана олмайди. Чунки, замонавий дунёда бир давлат томонидан ушбу оммавий қирғин қуролидан фойдаланилиши шу ердаги режимнинг ҳаётига нуқта қўйилишини англатади. Бу ҳақда Кремль ва бошқа ядро арсеналига эга давлатлар жуда тушунарли тарзда огоҳлантирилган бўлиши керак.
Нима бўлишидан қатъи назар, айни дамдаги воқеалар ривожи можаронинг якуни ёки энг жиддий ҳал қилувчи қисми яқинлашиб келаётганидан дарак беряпти. Саволлар, эҳтимоллар, хавфлар ва яна бир қанча омиллар гирдобида қолган Украина ва Россия можароси биргина сиёсий ирода туфайли ҳал этилиши тобора ойдинлашиб бормоқда. Аммо шу иродани ким намойиш қилиши ҳозирча сўроқ остида.
LiveБарчаси