Россия собиқ бош вазирини ҳам аямади. Касянов ҳам “хорижий агент”га айланди

Олам

image

Сиёсатчи ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Михаил Касянов Россияда "хорижий агентлар" рўйхатига киритилди. Бу ҳақда РФ Адлия вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг баёнотида келтирилишича, Касянов "хорижий агентлар" материалларини яратиш ва тарқатишда иштирок этган. Шунингдек, Россия ҳукумати қарорлари ҳақида "нотўғри маълумотлар" тарқатган, Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиққан ва "хорижий тузилмалар томонидан тақдим этилган ахборот платформаларида респондент сифатида иштирок этган".

Маълумот ўрнида, Михаил Касянов 2000 йилнинг май ойидан бошлаб, 2004 йилнинг февралигача Россия ҳукумати раиси лавозимида ишлаган.

Хўш, Россияда "хорижий агент"ларга қарши қандай тақиқлар кучга кирган?

2022 йилдан бошлаб, бундай шахсларга дарс бериш, ахборот маҳсулотлари яратиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, сайлов комиссияси аъзоси бўлиш тақиқланди. 2022 йил охиридан бошлаб Адлия вазирлиги хорижий агентларнинг ягона реестрини юритиб келмоқда.

2023 йилда Владимир Путин хорижий агентлар ҳақидаги қонунни кучайтирувчи яна бир қонунни имзолади. Унга кўра, Адлия вазирлиги хорижий агентлар билан мулоқотда бўлган шахсларга қонунбузарликка йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериши мумкин. Ушбу шахсларга нисбатан Адлия вазирлиги томонидан режадан ташқари текширув ўтказилиши ҳам мумкин. Адлия вазирлигининг қонунбузарликларни бартараф этиш талабларига риоя қилмаганлиги учун фуқаролар 50 минг рублгача, мансабдор шахслар 100 минг рублгача ва юридик шахслар 300 минг рублгача жаримага тортилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия хорижий агент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг