Россия Шимолий Корея аскарларига сохта ҳужжатлар бермоқда
Олам
−
14:38
3063Россия шимолий кореяликларнинг ҳақиқий исмларини яшириш мақсадида уларга сохта ҳужжатлар бермоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли кучларининг Facebook саҳифасида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Россия Украинага қарши урушда иштирок этаётган Шимолий Корея аскарларига уларнинг фронтдаги мавжудлигини яшириш учун сохта гувоҳномалар бермоқда. Бу ҳужжатларда уларнинг яшаш жойи сифатида Тува Республикаси кўрсатилган, лекин корейс тилидаги шахсий имзолар қўйилган.
Баёнотга кўра, Шимолий Корея аскарлари Россиянинг Курск вилоятидаги жангларда қатнашган.
“Бу ҳарбий гувоҳномаларда муҳрлар, фотосуратлар йўқ. Отасининг исми русча кўрсатилган, туғилган жой эса Тува Республикаси сифатида қайд этилган”, дейилади баёнотда.
Украина махсус операциялар кучлари россияликларнинг бундай чоралар кўришини жанг майдонида йўқотишларни ва хорижий ҳарбийларнинг мавжудлигини яшириш учун қилаётганини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram каналида Россия аскарлари ўлган шимолий кореяликларнинг юзларини ёқиб юбораётганини билдирган эди. Украина Президенти каналига видео жойлаган ва унда бир неча рус аскарлари шимолий кореялик деб айтилаётган марҳумнинг бошини ёқиб юборгани тасвирланган.