Россия санкцияларни Қозоғистон орқали четлаб ўтмоқда – “Der Spiegel”
Олам
−
19 Май 2023
6626Россия санкцияларни четлаб ўтиб, Қозоғистон орқали ҳар ой миллионлаб долларлик дронлар ва микроэлектроника маҳсулотлари сотиб олмоқда. Бу ҳақда “Der Spiegel” хабар берди.
Аниқланишича, Россиянинг асосий дрон етказиб берувчиларидан бири, Қозоғистоннинг “Аспан арба” компанияси Украина уруши бошланганидан сўнг ташкил этилган. Унинг Россиядаги асосий буюртмачиси Москванинг “Небесная механика” компанияси бўлиб, иккала компаниянинг эгаси бир киши экани маълум бўлган.
“Небесной механики”нинг харидорлари орасида Қуролли можаролар фахрийлари федерацияси – “Рысь”, Камчатка минтақавий уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши, шунингдек, Россия ҳарбийлари савдо қиладиган Ozon дўкони ҳам бор.
Маълумотларга қараганда, Федерал хавфсизлик хизмати, разведка ва Мудофаа вазирлигига электроника воситалари ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар Россияга кўп миқдорда “Стэк” компанияси томонидан олиб келинади. У эса Қозоғистоннинг Da Group 22 компаниясидан немис чипларини сотиб олади. “Стэк”, Da Group 22 ва немис дистрибюторининг эгаларини ҳам бир оила аъзолари ташкил қилади.
Умуман олганда, тергов муаллифларининг таъкидлашича, уруш бошланганидан кейин Қозоғистонга микроэлектроника импорти икки баравар кўпайган — 35 миллион доллардан 75 миллион долларгача. Қозоғистондан Россияга микросхемалар экспорти эса 248 минг доллардан 18 миллион долларгача ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Қирғизистон компаниясига Россиянинг санкцияларни айланиб ўтишида кўмаклашгани учун санкция қўллагани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси