Россия Озарбайжондан узр сўраши керак – депутат
Олам
−
27 Декабрь 2024 8872 2 дақиқа
Россия томони Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши керак. Бу ҳақда Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков кеча, 26 декабрь куни маҳаллий “Turan” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Самолёт Россия ҳудудида, Грозний осмонида уриб туширилган ва буни инкор этиб бўлмайди”, деган Мусабеков ўз баёнотида.
Мусабековнинг сўзларига кўра, Россия вазиятга нисбатан адекват муносабатда бўлиш ва узр сўраш ўрнига, ўз изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қилмоқда.
“Буни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак, одамларнинг ўлими ва қурбонлари учун товон пули тўланиши керак, агар бу содир бўлмаса, муносабатлар, албатта, бошқа савияга ўтади”, деган депутат.
Депутат, шунингдек, Озарбайжон томони “2020 йилнинг 44 кунлик уруши” пайтида Россия ҳарбий вертолёти ҳалокати учун узр сўрагани ва товон тўлагани, айбдорлар жазоланганини эслаган.
“Агар ҳаво мудофааси ишлаётган бўлса, у ердан ҳеч ким учиб кетмаслиги учун аэропорт ёпилиши керак эди”, деган Мусабеков.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни Озарбайжон ҳаво йўлларининг 8432-рейси Ақтау шаҳри яқинида фавқулодда қўниш чоғида ҳалокатга учраши оқибатида 38 киши вафот этганди. “Euronews”нинг Озарбайжон ҳукумати манбаларига таяниб ёзишича, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлган.
Live
Барчаси