Россия Одессага ҳужум уюштирди. Қурбонлар бор
Олам
−
28 Июнь 3595 2 дақиқа
Бугун, 28 июнь тонгида Россия қўшинлари Одесса шаҳрига дронлар ёрдамида ҳужум уюштирди. Оқибатда бир эр-хотин ҳалок бўлди. Бу ҳақда Одесса вилоят прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, дронлардан бири 21 қаватли тураржой биносига урилган. Оқибатда 7-қаватдан 9-қаватгача бўлган хонадонларни қамраб олган ёнғин юз берган, камида 17 киши жароҳат олган. Уларнинг орасида 3, 7 ва 14 ёшли уч нафар бола бор. Олти нафар жароҳатланган шахс шифохонада қолмоқда, улардан учтаси, шу жумладан бир бола оғир аҳволда.
“Тиббиёт ходимларимиз ҳар бир инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда”, дейди Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер
Украина Қуролли кучларига кўра, Россия бу ҳужумда 23 та учувчисиз учиш аппарати, жумладан, зарба берувчи дронлардан фойдаланган. Украина ҳаво мудофааси деярли барча нишонларни уриб туширишга муваффақ бўлган, бироқ битта дрон белгиланган объектга етиб борган ва одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган.
Қайд этиш жоиз, Россия қўшинлари мунтазам равишда Украинадаги фуқаролик инфратузилмаларига зарба бермоқда. Масалан, кеча, 27 июнь куни Днепропетровск вилоятининг Самара шаҳрига уюштирилган ҳужумда 5 киши ҳалок бўлган, яна 23 киши яраланган, уларнинг тўрт нафари оғир аҳволда. 25 июнь куни кечаси эса Харьков шаҳри дронлар билан ҳужумга учради – барча зарбалар шаҳарнинг Киев туманига тушди. Фуқаролик корхонаси ва аҳоли яшамайдиган тураржой биноси яқинидаги ҳудуд зарар кўрди. Бир киши шифохонага ётқизилган.
Live
Барчаси