Россия НАТОга аъзо бўлиш таклифини рад этган – Энтони Блинкен
Олам
−
20 Май 2022
101341990-йилларда Россиянинг ўзи Ғарбнинг НАТОга аъзо бўлиш таклифини рад этган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Ўтган асрнинг 90-йилларида бу масала (Россиянинг НАТОга кириш таклифи – таҳр.) ҳақиқатдан ҳам муҳокама қилинган эди. Руслар бу улар қилишни хоҳлаган нарса эмас, деган қарорга келишди”, дейди Блинкен “The Late Show” телеканали бошловчиси Стивен Колбертга берган интервьюсида.
Блинкен Россиянинг НАТОнинг шарқ томон кенгайиши борасидаги хавотирларига тўхталар экан, НАТО мудофаа иттифоқи эканлиги ва Россияга нисбатан тажовузкор ниятлари йўқлигини яна бир бор таъкидлади.
"У (альянс – таҳр.) ҳеч қачон Россияга ҳужум қилмаган, ҳужум қилмайди ҳам. Унинг Россияга ҳужум қилиш режаси йўқ", дея таъкидлади АҚШ Давлат котиби.
Финляндия ва Швеция аввалроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергга альянсга қўшилиш учун ариза топширган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон “Атлантик” журналида чоп этилган мақоласида СССР парчаланганидан кейин Россиянинг келажакда НАТОга аъзо бўлиши учун эшиклар очиқ қолгани ҳақида ёзганди.
Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков РФ бир пайтлар альянсга таклиф қилингани ҳақидаги иддаоларга изоҳ берар экан, АҚШ Россиянинг НАТОга кириши мумкин эмаслиги ҳақида бир неча бор гапирганини эслатган.
Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путиннинг эслашича, 2000 йилда у Билл Клинтон билан АҚШнинг Россиянинг НАТОга киришига муносабати ҳақида гаплашган. Унинг сўзларига кўра, Америка етакчисининг муносабати босиқ бўлган.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси