Россия Мудофаа вазирининг 5 ўринбосари АҚШ “қора рўйхати”га киритилди
Олам
−
31 Октябрь
3300Америка Қўшма Штатлари Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли Россияга қарши киритилган санкцияларни кенгайтирди. Бу ҳақдаги тегишли баёнот кеча, 30 октябрь куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Қайд этилишича, чекловлар 32 жисмоний шахс ва 360 дан ортиқ компанияларга тегишли. “Қора рўйхат”га киритилганлар орасида Россия Мудофаа вазирининг беш ўринбосари – Анна Цивилева, Александр Фомин, Павел Фрадков, Виктор Горемикин ва Андрей Булига ҳам бор.
Рўйхатда жами 32 киши бор – Россия, Беларусь, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Швейцария ва Чили фуқаролари.
Рўйхатга юридик шахслар ҳам киради, улар орасида шиналар ишлаб чиқарувчи “Кордиант” (октябрь ойи бошида миллиардер Алексей Мордашовнинг “Севергрупп” томонидан сотиб олинган), “Мордовиянинг учувчисиз технологиялари”, “Арсенал” илмий-техника маркази, Коломна заводи, Россия ҳаво транспорти лабораторияси, Москва авиация институти, “Росатом” давлат компаниясининг “шуъба корхоналари” – “Росатом Цифровые решения” ва “Росатом микроэлектроника”.
“Қўшма Штатлар ҳозирда 400 га яқин ташкилот ва шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилмоқда. Бу қарор Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатлари учун муҳим бўлган бир қанча соҳаларга мўлжалланган”, деди Давлат котиби Энтони Блинкен.
Унинг айтишича, гап Россиянинг мудофаа ва энергетика соҳалари ҳақида кетяпти.
АҚШ молия вазирлиги баёнотида қайд этилишича, санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва товарлар етказиб берувчиларга қаратилган бўлиб, аввалроқ киритилган чекловчи чораларни четлаб ўтишни қийинлаштиришга қаратилган.
“Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россияга Украинага қарши уруш учун зарур бўлган муҳим воситалар ва технологиялар оқимини тўхтатиш учун бутун дунё бўйлаб қатъий чоралар кўришда давом этмоқда”, деди Молия вазири Уолли Адейемо.