Россия Марказий Осиёнинг мустақиллигини сақлаш учун Маслаҳат учрашувига қўшилмоқчи
Жамият
−
18 Декабрь 4923 2 дақиқа
Россия Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари ўртасидаги Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилишни кўриб чиқиш мантиқан тўғри деб ҳисоблайди. Бу қадам мувофиқлаштиришни кучайтиришга ва янада инклюзив хавфсизлик архитектурасини яратишга ёрдам беради. Бу ҳақда Россиянинг Тожикистондаги элчихонасининг биринчи котиби Алексей Зенко Душанбеда бўлиб ўтган “Марказий Евросиё давлатлари интеграция жараёнида: устуворликлар, яқинлашув табиати ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро илмий конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Унинг қайд этишича, дунёда кенг кўламли геосиёсий ўзгаришлар рўй бермоқда, уларнинг энг муҳимлари Евросиё маконида содир бўлмоқда. Бу янги иттифоқлар, халқаро ташкилотлар ва интеграция бирлашмаларини яратиш ва мустаҳкамлашни ўз ичига олади.
“Биз “Марказий Осиё бешлиги” форматининг ривожланишини катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз. Озарбайжоннинг “минтақа давлат раҳбарларининг” маслаҳат учрашувларига қўшилиш қарорини эътироф этамиз. Россиянинг Марказий Осиё минтақасига географик ва тарихий яқинлиги, шунингдек, ривожланган иқтисодий ва транспорт алоқаларини ҳисобга олган ҳолда, биз Россияни ушбу форматга қўшиш имкониятини кўриб чиқиш мантиқан тўғри, деб ҳисоблаймиз. Бу мувофиқлаштиришни кучайтиришга, интеграцияни ривожлантиришга ва минтақа мамлакатларининг мустақиллигини сақлаб қолиш билан бирга янада инклюзив хавфсизлик архитектурасини яратишга ёрдам беради”, дейди Зенко.
Унинг қўшимча қилишича, бу жараёнлар, шубҳасиз, Марказий Осиёда ва умуман Евроосиёда ҳамкорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев илк бор иштирок этган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувидан сўнг, Бакунинг ушбу форматда тўлиқ иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Минтақа давлат раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Биринчи бундай учрашув 2018 йил март ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган.
Live
Барчаси