Дунё шиддат билан ўзгариб, кескинлик кучаймоқда – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
14:15 1080 2 дақиқа
Дунё шиддат билан ўзгариб, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта шаклланмоқда, янги хатарлар пайдо бўлмоқда. Бу ҳақда бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида сўз очди.
Давлат раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларни қайд этган. Ўзбекистон етакчисининг айтишича, бунда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутган.
Президент Марказий Осиёни XXI асрда ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёни якунланганининг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.
Минтақавий жараён доирасида катта ва мураккаб тузилмаларни ташкил этишга интилиш йўқлиги қайд этилган.
“Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг, Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатлари яқинлашаётган ҳозирги мураккаб халқаро вазиятга қисқача баҳо берган.
“Дунё шиддат билан ўзгариб, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта шаклланмоқда, янги хатарлар пайдо бўлмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Шу боис, ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари бўйича келгусидаги қўшма фаолиятни янада яқинроқ мувофиқлаштириш аҳамияти кўрсатиб ўтилган.
Аввало, тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқалари мавжуд минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғояси илгари сурилган. Пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу алоқаларни анча мустаҳкамлаш ҳамда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш бўйича аниқ мазмун билан бойитиш зарурлиги таъкидланган.
Ушбу масалаларни келгуси йили Тошкентда ўтказиладиган “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлида минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” халқаро конференциясида батафсил муҳокама қилиш таклиф этилган.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ишларини давом эттириш орқали минтақавий мулоқот асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь