Россия мактабларида ҳарбий тайёргарлик кучайтирилди
World
−
17:59 250 2 minutes
Россия мактабларида жорий ўқув йилидан бошланғич ҳарбий тайёргарлик учун ажратилган соатлар икки баравардан кўпроққа оширилди. Бу ҳақда Россия Маориф вазири Сергей Кравцов кеча, 13 сентябрь куни РИА Новостига маълум қилди.
Унинг айтишича, янги ўқув йилидан бошланғич ҳарбий тайёргарлик учун тўрт ўқув йили давомида жами 68 соат ажратилади. Бу “Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари” курсининг 50 фоизини ташкил қилади.
Қайд этилишича, Россияда ҳарбий тайёргарлик Украина босқини фонида 8–11-синф ўқувчилари учун мактаб дастурига киритилган. 2026 йилгача мазкур машғулотларга ушбу курснинг 20 фоизи ажратилган.
Маълумот учун, Россия мактабларида бошланғич ҳарбий тайёргарлик собиқ СССР даврида ҳам мавжуд бўлган. 1993 йилда у ўқув дастуридан чиқариб ташланган, 2023 йилда эса “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” фани доирасида қайта жорий этилган. Ўша пайтда 10–11-синф ўқувчиларига Калашников автоматида отиш, қўл гранаталарини улоқтириш ва биринчи ёрдам кўрсатиш ўргатилган. 2024 йилдан бошлаб ушбу фан “Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари” деб номланган.
2026 йил май ойида “Важные истории” нашри Россия ҳукумати беш йил ичида мактаб ўқувчилари учун ҳарбий-ватанпарварлик марказларига 50 миллиард рублдан ортиқ маблағ сарфлаганини ёзган.
Шунингдек, Россия ва у босиб олган Украина ҳудудларида камида 210 та махсус таълим муассасаси аниқланган. Йел университети тадқиқотчиларига кўра, Россия ҳукумати уруш бошланганидан бери ушбу муассасаларда мажбуран кўчирилган украиналик болаларни жойлаштириб, уларга ҳарбий тайёргарлик ўтказган ва мафкуравий таъсир кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг камида 24 ҳудудидаги 70 дан ортиқ таълим муассасасида талабаларни Украинадаги урушга жалб қилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All