Россия Львовга ракета ҳужуми уюштирди
Олам
−
06 Июль 2023
7672Украина ғарбидаги Львов шаҳрига Россия ракета зарбаси уюштирди ва оқибатда тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 6 июль куни “Reuters” хабар берди.
Украина Президенти Владимир Зеленский интернетга бир дақиқалик видеони жойлаштирган. Унда томи ва юқори қаватлари вайрон бўлган, деразалари синдирилган бинолар тасвирланган.
“Афсуски, ярадорлар ва ҳалок бўлганлар бор. Улфрнинг оилаларига ҳамдардлик билдираман. Душманга, албатта, жавоб бўлади. Бу сезиларли бўлади”, деган Зеленский.
Украина Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлганлар сонини тўрт кишига етганини ва 32 киши, жумладан, бир бола яраланганини маълум қилган. Фавқулодда хизматлар вайроналар остидан етти кишини қутқаришга муваффақ бўлганини ва яна 64 кишини эвакуация қилганини билдирган.
Шаҳар мэри Андрей Садовий буни Львовдаги фуқаролик инфратузилмасига қарши 16 ойдан ортиқ давом этган уруш давомида қилинган энг йирик ҳужум деб атаган. У бир неча турар жой, офис маркази, талабалар кампуси ва мактаб зарар кўргани, юзлаб хонадонларнинг деразалари синдирилгани ва зарар қимматга тушганини айтган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия Қора денгиздан отилган “Калибр” ракеталари билан Львовга ҳужум қилганини маълум қилган. Айтилишича, 10 та ракетадан еттитаси уриб туширилган.
Маълумот учун, Львов шаҳри фронтдан узоқда ва НАТО аъзоси бўлган Польша билан чегарадан 70 км узоқликда жойлашган. Шаҳарда 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқинидан олдин 700 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган. Уруш бошланганидан бери аҳоли сони кўпайган, чунки кўплаб одамлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги жанглар ва ҳаво ҳужумлари ортидан шу ерга кўчиб келган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь