Россия Львовга ракета ҳужуми уюштирди
Олам
−
04 Сентябрь
6484Россиянинг Львовга тунги ракета ҳужуми оқибатида камида етти киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди, яна 35 нафари яраланди. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрь куни эрталаб Львов мэри Андрей Садовой ва Львов вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Максим Козицкий Telegram’даги каналларида маълум қилди.
Садовийнинг аниқлик киритишича, қурбонлардан бири Львов шаҳридаги 5-клиникада ҳамшира-доя бўлиб ишлаган 50 ёшли аёл бўлган.
У шаҳарга Shahed дронлари ва “Кинжал” ракеталари билан ҳужум қилинаётгани ҳақида ёзган.
Маҳаллий вақт билан тахминан 5:40 да Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари Львов вилояти йўналишида учаётган “икки гуруҳ қанотли ракеталар” ҳақида огоҳлантирган.
“Соат 5:50 атрофида Львовда иккита кучли портлаш содир бўлди”, деб хабар берди Украинанинг “Liga.net” интернет нашри ўз мухбирига таяниб.
Максим Козицкийнинг сўзларига кўра, Россиянинг Львовдаги ўққа тутилиши оқибатида турар-жой бинолари ҳам зарар кўрган.
Айни вақтда “Укрзализница” темирйўл компанияси матбуот хизмати Львов вилоятида 4 сентябрь куни Россия ҳужуми оқибатида темирйўлда узилишлар бўлганини маълум қилди. Ташишни таъминлаш учун захира тепловозлар олиб қўйилди.
Россиянинг Украина ғарбий қисмига ҳужумлари фонида Польша ва иттифоқчиларнинг жанговар самолётлари ҳушёр ҳолатда ҳавога кўтарилди. “Reuters” бу борада самолётлардан саккиз кун ичида учинчи марта фойдаланилганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 сентябрь куни Россиянинг Полтавага ракета ҳужуми оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 219 киши жароҳатланганди.
LiveБарчаси