Россия кучлари Украинага тегишли шаҳарни эгаллаб олди

Олам

image

Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Донецк вилоятидаги муҳим шаҳарлардан бири бўлган Константиновка устидан назорат ўрнатди. Бу ҳақда Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов Президент Владимир Путинга берган ҳисоботида маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмондонлик пунктига ташриф буюрган Путин шаҳарнинг эгалланишини муҳим стратегик ютуқ деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, Украина томонидан, асосан, Россия нефть саноати объектларига узоқ масофали ҳужумлар кучайгани муносабати билан хавфсизлик зоналарини кенгайтириш зарур.

Украина ҳозирча Россиянинг Константиновка эгаллангани ҳақидаги баёнотига муносабат билдирмаган. Герасимов ҳисоботида Россиянинг жанубий қўшинлар гуруҳи бутун Донецк вилоятини “озод қилиш” бўйича ҳужум операцияларини олиб бораётганини айтган. Москва Донбасс устидан тўлиқ назорат ўрнатишни урушнинг асосий мақсадларидан бири деб ҳисоблайди.

“Гуруҳ қўшинлари душман мудофаасининг Славянск–Краматорск–Константиновка мустаҳкамланган ҳудудидаги асосий таянч нуқталаридан бири бўлган Константиновка шаҳрини озод қилди”, деган Герасимов.

Россия ҳарбийлари бир неча ойдан буён шаҳарнинг айрим қисмлари ўз назоратида эканини билдириб келаётган эди.

“Барчамиз яхши биламизки, бу шаҳар Донбасснинг муҳим транспорт тугуни ва йирик саноат марказидир”, деган Путин шаҳарнинг стратегик аҳамиятига тўхталиб.

Россия Мудофаа вазирлиги Telegram-каналида Константиновкадан экани айтилган видеолар ва суратларни эълон қилган. Уларда вайрон бўлган бинолар фонида Россия байроғини ушлаб турган ҳарбийлар акс этган.

Герасимов, шунингдек, Россия қўшинлари Константиновкадан тахминан 70 километр шимолда жойлашган Лиман шаҳрига яқинлашаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, бу шаҳар кейинги ҳаракатлар учун муҳим логистика ва стратегик аҳамиятга эга.

Россиянинг шимолий қўшинлари қўмондони Евгений Никифоров эса Украина дронларининг нефть инфратузилмасига ҳужумларини тўлиқ тўхтата олмаганликларини билдирган. Бу ҳужумлар мамлакатда ёнилғи танқислигига ҳам сабаб бўлган.

“Душман фуқаролик объектларимизга қанчалик кўп ҳужум қилишга уринса, қўшни ҳудудда шунчалик кенгроқ хавфсизлик зонасини ташкил этишимизга тўғри келади”, деган Путин бунга жавобан.

Никифоровнинг айтишича, Россия қўшинлари Харков ва Суми вилоятлари чегара ҳудудларида ҳам илгарилашга эришмоқда. Москва бу ерларда буфер зоналарини кенгайтириш зарурлигини билдириб келмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленский ва бошқа расмийлар эса йил бошидан бери Россиянинг шарқий Украинадаги илгарилаши анча секинлашганини, Киев кучлари эса айрим ҳудудларни қайта назоратга олганини таъкидлаб келаган эди.

Путин бу даъволарни “гоёки эришилган муваффақиятларни намойиш этишга қаратилган ахборот кампанияси” деб атаганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 июлга ўтар кечаси Россия Украинанинг пойтахти Киевга ракета ва дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг