Россия Киевни бомбардимон қилди. Қурбонлар бор
Олам
−
02 июл 7062 2 дақиқа
Россия бугун, 2 июлга ўтар кечаси Украинанинг пойтахти Киевга ракета ва дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлди, ўттиздан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда “Укринформ” хабар берди.
Дастлаб, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко 3 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши жароҳатланганини маълум қилган. Кейинчалик шаҳар ҳокими Виталий Кличко қурбонлар сони 5 нафарга, жароҳатланганлар эса 34 нафарга етганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, яраланганларнинг 32 нафари шифохонага ётқизилган, яна икки кишига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Маҳаллий ОАВларнинг хабар беришича, кейинчалик ҳалок бўлганлар сонига яна 3 киши қўшилган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, ҳужум натижасида пойтахтнинг бир нечта туманларида турар жойлар ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етган.
Маълум қилинишича, энг катта талафот Дарницкий туманида қайд этилган. Бу ерда беш ва тўққиз қаватли турар жой бинолари қисман вайрон бўлган. Шунингдек, 16 қаватли уйнинг юқори қаватлари ҳамда бир нечта хусусий уйлар шикастланган.
Шевченковский туманида етти эса қаватли турар жой биноси ва меҳмонхонанинг умумий том қисмида ёнғин юз берган. Бундан ташқари, беш қаватли уй зарар кўрган, яна бир беш қаватли бинода 300 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғин чиққан. Уч қаватли нотурар бино ҳам аланга ичида қолган.
Голосеевский туманида 16 қаватли турар жой биносининг техник қаватида ёнғин юзага келган.
Печерский туманида тўққиз қаватли турар жой биноси шикастланган. Яна бир бинонинг биринчи ва иккинчи қаватларида 200 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғин содир бўлган. Қутқарувчилар ушбу бинодан бир кишини хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.
Оболонский туманидаги омборхонада ёнғин юз берган. Жароҳатланганлардан бири фуқаролар томонидан энг яқин ёнғин-қутқарув бўлимига олиб келинган ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, Святшинский туманида икки хусусий уй, Деснянский туманида эса тўққиз қаватли турар жой биноси зарар кўрган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда барча фавқулодда хизматлар вайроналар остида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда. Расмийлар ҳужум оқибатлари ва қурбонлар сонига оид маълумотлар яна ўзгариши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия кучлари Украинанинг Суми вилоятидаги аҳоли пунктларига 106 та ҳужум уюштирган эди. Ҳужумлар оқибатида 21 киши жароҳат олганди.
Live
Барчаси