Россия Краматорскка 3 та авиабомба ташлади. Қурбон бор
Олам
−
11:43 929 1 дақиқа
Россия қўшинларининг Краматорск шаҳрига ҳаво ҳужуми оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 6 киши, жумладан, 3 нафар бола яраланди. Бу ҳақда “Ukrinform“ хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия ҳарбийлари кеча, 23 октябрь куни соат 15:44 да Краматорск шаҳрига УМПК бошқарув тизими билан жиҳозланган учта ФАБ-250 авиабомбасини ташлаган. Ҳужум турар жой ҳудудига қаратилган.
Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган. 6 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Улар орасида 45 ва 54 ёшли икки аёл, 47 ёшли эркак ҳамда уч нафар бола – 7 ва 10 ёшли қизлар ва 1 ёш-у 10 ойлик ўғил бола бор.
Жабрланганларга портлаш оқибатидаги жароҳатлар, бош мия ёпиқ шикастланиши, мия чайқалиши ва металл парчалари тегиши билан боғлиқ жароҳатлар ташхиси қўйилган. Улар малакали тиббий ёрдам олмоқда.
Зарба оқибатида 27 та турар жой биносига зарар етган. Етказилган зарарнинг тўлиқ кўлами аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинларининг Киевга баллистик ракеталар билан берган зарбаси оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 22 киши, жумладан, 4 нафар бола яраланган эди.
Live
Барчаси23 Октябрь