Россия Краматорскда автобусларга зарба берди. 30 киши ҳалок бўлди

Олам

−

image

Бугун, 8 октябрь куни эрталаб Россия қўшинлари Краматорскка зарба берди. Ҳужум эпицентрига йўловчиларни ташиётган иккита йўналишли автобус тушиб қолди. Оқибатда камида 30 киши ҳалок бўлди, яна 18 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Донецк вилояти прокуратураси ва Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин маълум қилди.

“Краматорск жамоатидаги Беленькое қишлоғининг ўққа тутилиши оқибатида яна уч киши ҳалок бўлди”, дея хабар берди Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати.

Прокуратура маълумотларига кўра, автобусларга катта эҳтимол билан УМПБ Д-30 СН бошқариладиган авиабомбалари билан ҳужум қилинган. Краматорск ва Славянскда жамоат транспорти фаолияти тўхтатилмоқда.

“Россияликлар тинч аҳолини нишонга олиб зарба бермоқда. Улар учун йўловчилар автобуси айнан бир зарба билан кўп одамни ўлдириш мумкинлиги сабабли жозибадор нишон ҳисобланади. Россия уруш олиб боришнинг барча мумкин бўлган қоидалари ва халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи нормаларини қасддан менсимаяпти. У тинч аҳолига энг катта озор етказа оладиган жойларни нишонга олмоқда”, дейилади Филашкиннинг Telegram’даги хабарида.

Маълумот учун, 8 октябрь куни Россия Қуролли кучлари Киевга ҳам зарба беришда давом этди. Соломенский туманида Россия дрони дўконга бориб урилди ва икки киши ҳалок бўлди. Украина пойтахтининг бошқа бир туманига қилинган Россия ҳужуми оқибатида яна бир киши ҳалок бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг Рязань вилоятидаги “Яндекс” компаниясига тегишли маълумотлар марказига дронлар билан зарба бергани ҳақида хабар қилинган эди. Ҳужум оқибатида ёнғин чиқиб, марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг