Россия компаниялари Қўштепа канали қурилишига аралашмоқчи
Олам
−
17 Май
24411Россия компаниялари Афғонистондаги Қўштепа канали қурилишига катта қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Афғонистондаги Россия бизнес маркази раҳбари Рустам Хабибуллин маълум қилди.
Қайд этилишича, 2021 йил август ойида АҚШ ва НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейин Россия ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси сезиларли даражада ошди ва 1 миллиард долларга етди.
Рустам Хабибуллиннинг РИА Новости агентлигига айтишича, савдонинг асосий йўналишлари газ, нефть маҳсулотлари, ун ва буғдой, сут маҳсулотлари ҳисобланади.
“Россия Афғонистонда иш ўринлари яратиш ва маҳаллий лойиҳаларга сармоя киритиш ниятида. Булар ўша заводлар, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги, жумладан, Қўштепа сув каналининг қурилиши катта қизиқиш уйғотмоқда. Қатор корхоналаримиз ушбу канал ёнидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер участкаларини узоқ муддатга ижарага беришни йўлга қўймоқда”, дейди Хабибуллин.
Маълумот учун, Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали доимий қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудларга сув етказиб бериш орқали қишлоқ хўжалиги ландшафтини ўзгартиришга қаратилган. Қурилиш тугагач, канал 285 километрга чўзилади ва мамлакатнинг қурғоқчил шимолий вилоятларини суғоришга ёрдам беради. Ўзбекистон ва Туркманистон эса бундан хавотирда. Канал Амударё ресурсларини йўналтиради ва совет давридан буён бу манбадан фойдаланган икки давлат учун сув таъминотини тўхтатади. Ўзбекистон ва Туркманистон 2028 йилда сув йўли қуриб битказилганидан сўнг ҳозирги сув оқимининг 15 фоизгача қисмини йўқотиши мумкин.
LiveБарчаси