Россия Хитойдан Эрон ва Афғонистонга борадиган йўл учун пул сўради
Олам
−
19 Май 1145 3 дақиқа
Россия Хитойга Каспий денгизи бўйлаб Эронга ва ундан кейин Жанубий Осиё мамлакатларига олиб борувчи автомагистрал қурилишини молиялаштиришда иштирок этишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Марат Хуснуллин Қозонда бўлиб ўтган “Россия — Ислом дунёси” иқтисодий форумида сўз очди.
“Каспий бўйлаб шарқий автомобиль коридорини яратиш масаласи жуда ўткир бўлиб турибди – Россия, Қозоғистон, Туркманистон орқали Эронга чиқиш ва ундан кейин Афғонистон ҳамда Покистонга йўл олиш... Биз хитойлик ҳамкасбларимиз билан нафақат Хитой томонининг қурилишда иштирок этишини, балки маблағ жалб қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдик”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Сўз Кремль томонидан 20 йилдан ортиқ вақт давомида муҳокама қилиб келинаётган ва 40 миллиард долларга баҳоланган “Шимол — Жануб” халқаро транспорт коридорининг (ХТК) шарқий тармоғини ривожлантириш ҳақида бормоқда. Янги йўналишнинг асосини Москвани Астрахань билан боғлайдиган, узунлиги 1381 км бўлган М6 (Р22) “Каспий” федерал трассаси ташкил этиши керак. Бундан кейин коридор Қозоғистон ва Туркманистон орқали Эрон портларига ҳамда Афғонистон ва Покистонга олиб борувчи қуруқликдаги йўлларга чиқиши кўзда тутилган.
“Коммерсантъ” нашрининг хабар беришича, Россия автойўлнинг айрим участкалари, кўприклар ва туташув узеллари қурилишига Хитой капитали ҳамда технологияларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бунда, жумладан, ХХР давлат банклари ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки томонидан молиялаштирилишга умид қилинмоқда.
Хитой албатта ўз навбатида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондаги транспорт лойиҳаларига фаол инвестиция киритиб келмоқда. Россия эса ички ресурслар тақчиллиги ҳамда санкциялар туфайли логистикани кенг кўламда қайта қуриш зарурати фонида ўз йўналишларини халқаро коридорларга интеграция қилишга ва ташқи молиялаштиришни жалб этишга уринмоқда.
Маълумот учун, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Европа йўналишидаги савдосини бошқа томонга буришга мажбур бўлди. Агар 2022 йилгача экспорт юкларининг қарийб 40 фоизи “дўст бўлмаган” мамлакатлар орқали ўтган бўлса, 2024 йилга келиб бу улуш 20-25 фоизгача қисқарди. Айни пайтда Эрон ва Марказий Осиё орқали амалга ошириладиган ташувлар икки баравардан зиёдга ошди.
Расмийлар “дўстона” мамлакатлар орқали ўтадиган юк оқими улушини 80 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Янги Каспий коридорининг ривожлантирилиши ушбу йўналишни ўзгартиришнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда: у Москвадан Эронга юкларни етказиб бериш муддатини амалдаги комбинациялашган йўналишларга нисбатан 15–20 фоизга қисқартириш имконини беради.
“Шимол — Жануб” ХТКни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим 2000 йилда Россия, Ҳиндистон ва Эрон томонидан имзоланган. Кейинчалик иштирокчилар сони 14 тагача кенгайган. Лойиҳанинг дастлабки мақсади Форс кўрфази ва Жанубий Осиё давлатларидан ўтадиган транзит юк оқимларини Россия ҳудуди орқали Европага жалб қилишдан иборат бўлган.
Live
БарчасиПутин Хитойга етиб борди
19 Май