Россия хавфини етарлича баҳолай олмадик – Макрон

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Россиядан келаётган хавфни етарлича баҳоламаганини айтди. Бу ҳақда у Германиянинг “Frankfurter Allgemeine Zeitung” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Президентга кўра, Россия терроризм билан бир қаторда европаликлар учун энг катта тузилмавий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Макрон Россияни сайловларга аралашиш, киберҳужумлар, мухолифларни ўлдириш ва миграцион оқимларни босим воситаси сифатида ишлатишда айблаган. 

У, шунингдек, Россия Европа ҳаво мудофаасини синовдан ўтказаётгани ва ядровий доктринасини ўзгартирганини таъкидлаган. Президентнинг сўзларига кўра, россияликлар ёлғон маълумот тарқатиб, жамоатчилик фикрига кучли таъсир кўрсатмоқда, ҳатто Франциядаги чойшаб чивинлари ҳақидаги миш-мишларгача тарқатилган.

Макроннинг фикрича, очиқ демократик жамиятлар ахборот урушларига заиф. У Россиянинг “рақамли ботлари” Европа демократияларини манипуляция қилаётганини қайд этган. Франция раҳбари Европа ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирган Россия ҳарбий самолёти уриб туширилиши мумкинлигини ҳам истисно этмаган, чунки Путинни доимий ноаниқликда ушлаб туриш зарурлигини айтган. 

Макрон санкциялар Россияга қарши самарали ишлаётгани, аммо уларни янада кучайтириш учун Россиянинг тахминан 800 та кемадан иборат “соя флоти”ни нишонга олиш кераклигини билдирган. 

Шунингдек, у Украинага қисқа муддатли ҳарбий ёрдамни тезлаштиришга чақирган. Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Европа Иттифоқида музлатиб қўйилган Россия активларидан фойдаланиш масаласидаги позицияси ҳақида гапирар экан, Макрон бу маблағларни оддийгина мусодара қилиб бўлмаслигини, чунки бу халқаро ҳуқуқни бузишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция ҳукумати Украинага 110 миллион доллардан ортиқ қийматга эга янги қишки ёрдам пакетини тақдим этиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг