Россия Харьковга ҳужумларини кучайтирди
Олам
−
11 Май
8098Россия ҳарбийларининг Харьков вилояти чегарасига ҳужуми кеча, 10 май куни эрталаб соат бешда бошланди ва ҳозиргача давом этмоқда. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, чегара зирҳли техникалар кўмагида бузиб ўтилган, турли интенсивликдаги жанглар давом этмоқда. Кундузи Украина Қуролли Кучлари позицияларига ҳаво зарбалари берилган, кечаси эса Украина Қуролли Кучлари мудофаасининг олдинги чизиғига артиллерия ҳужумлари бошланган. Украина томони бу ҳудудга захира олиб келганини даъво қилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги Харьков вилоятида фаол амалиётлар бошлангани ҳақида хабар бермади, фақат Марказ қўшинлари гуруҳи бўлинмалари Донецкнинг Новокалиново қишлоғини эгаллаб олганини маълум қилди.
Куннинг ярмида Украина Президенти Владимир Зеленский Россия армиясининг Харьков вилояти шимолидаги ҳужумини тасдиқлаб, Украина Қуролли кучлари буни кутаётганини ва ҳозирча Россия армиясини ушлаб турганини қайд этди. Зеленский Ғарбдаги ҳамкорларини Украина ҳимоячиларига ваъда қилинган қуролларни ўз вақтида етказиб беришда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.
"Ҳақиқий фойдали ҳарбий ёрдам Украинага етказилган қуролдир, шунчаки улар ҳақидаги эълон эмас", деб ёзган Украина Президенти.
Турли таҳлилий агентликларга кўра, Украина Қуролли кучлари позициялари бирданига саккизта кичик аҳоли пунктида интенсив ўққа тутилмоқда. Шу билан бирга, Россия армиясининг ютуқлари ҳақида ҳали маълумот йўқ. Шу тариқа Украинанинг Волчанск шаҳри ва бир қанча қўшни аҳоли пунктларидан тинч аҳолини эвакуация қилиш бошланди.
Волчанск - Россия ва Украина чегарасидан бир неча километр узоқликда жойлашган кичик шаҳарча. У Белгороднинг жанубида жойлашган. Маҳаллий маъмурият маълумотларига кўра, одамларнинг асосий қисми ўз транспортида кетмоқда, кўнгиллилар ва полиция ишламоқда. Кеча тундан бери Россия артиллерияси ва авиациясининг Украина қуролли кучларининг Волчанск яқинидаги позицияларига ҳужумлари ҳам тез-тез учраган.
Кун ярмига келиб Украина оммавий ахборот воситалари Харков вилоятидаги тўртта чегара аҳоли пункти бирданига ишғол қилингани ҳақида хабар берди. Булар Стрелечья, Красное, Пильная ва Борисовка қишлоқлари.
“Россия кучлари Волчанск туманида олдинга силжимоқда”, деб ёзади “Reuters” Украинадаги юқори мартабали ҳарбий манбага таяниб.
Гап 30 квадрат километрдан ортиқ босиб олинган ҳудуд ҳақида бормоқда.
Россия кучларининг бу фаоллашуви айнан нимани англатиши мумкинлиги ҳақида ҳарбий таҳлилчиларнинг турли версиялари мавжуд. Биринчи версия – Россия чегарадош ҳудудлари – Брянск, Белгород ва Курск вилоятларини ўққа тутилишининг олдини оладиган узоқ вақтдан бери муҳокама қилинган санитария зонасини яратишга уриниш. Иккинчи версия – Украина Қуролли Кучлари эътиборини бошқа йўналишлардан, хусусан, Донецкдан чалғитиш ва Украина раҳбариятини захираларни Харьковга ўтказишга мажбурлашга уриниш. Учинчи версия – Харьковни ўраб олиш ва эгаллаш мақсадида тўлиқ кўламли баҳор-ёз ҳужумининг бошланиши.
Урушни ўрганиш институти эса Россия бундай ҳаракатлари билан Харьков аҳолисини шаҳарга эҳтимолий ҳужумни кутиб, қочишга мажбурлашни мақсад қилганини прогноз қилди.
Оқ уй эса Қўшма Штатлар Украинани Россия армиясининг кучайган ҳужумидан ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ билан таъминлаш мақсадида кечаю кундуз ишлаётганини билдирди.
"Эҳтимол россияликлар Харьковга каттароқ ҳужумга тайёргарлик кўраётгандир", дейди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Киевга 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.
LiveБарчаси