Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқида Москванинг сиёсий мақсади нима? Сўз Лавровга
Олам
−
12 Декабрь 2022
9455Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ иттифоқини яратиш ғоясида геосиёсий ўйин йўқ. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистоннинг “Хабар 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Ҳозирда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама” газ лойиҳасини шакллантириш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Таҳлилчилар, айниқса, Ғарбдагилар дарров бу қандайдир сиёсий ёки геосиёсий ўйин эканини айта бошладилар. Бу ерда ҳеч қандай ўйин йўқ”, дейди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар умумий газ ташиш тизимига эга ва барча томонлар мавсумий чўққилар туфайли таъминот узилиб қолмаслигидан манфаатдор.
“Куни кеча мен Ўзбекистонда тўсатдан электр қуввати тақчиллиги юзага келгани ҳақидаги хабарни ўқиб чиқдим. Мана ҳеч қандай сиёсийлаштириш ва мафкурасиз, фуқароларимиз манфаати йўлида амалий масалаларни ҳал қилишда ўз афзалликларимиздан фойдаланиш зарур бўлганига аниқ мисол”, дея қўшимча қилган Россия ТИВ раҳбари.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида Кремлда учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Қозоғистон Президентининг маълум қилишича, Путин Тўқаевга Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон иттифоқини тузишни таклиф қилган. Кейинроқ маълум бўлишича, Путин Тўқаевга уч давлатнинг газ бўйича иттифоқини тузиш режаларини айтган ва бу масалада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиш нияти борлигини билдирган.
8 декабрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан энергетика соҳасида ҳамкорликка кириши мамлакат ичидаги истеъмол талаби билан боғлиқгини айтиб чиқди.
"Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг энергия тармоқларни кимгадир бериб юбориш орқали эмас, олди-сотди, тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти", деган эди вазир.
Орадан кўп ўтмай, Россия Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам баёнот билан чиқиб, газ иттифоқини тузишда ҳеч ким сиёсий шартлар қўймаётгани, иттифоқ тузиш ғояси контекстида бу гап йўқлигини айтди.
LiveБарчаси