Россия горнизони Змейний оролидан олиб чиқиб кетилди
Олам
−
30 Июнь 2022
11475Россия Қуролли Кучлари ўз гарнизонини Змейний оролидан олиб чиқиб, жаҳон ҳамжамиятига Россия Федерацияси БМТнинг Украина ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича гуманитар коридор ташкил этиш ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслигини намойиш этди. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги (МО) расмий вакили генерал-лейтенант Игорь Конашенков маълум қилди.
“30 июнь куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари хайрихоҳлик қадами сифатида Змейний оролида ўзларига юкланган вазифаларни бажариб, у ерда жойлашган гарнизонни олиб чиқиб кетишди. Шундай қилиб, Россия Федерацияси БМТнинг Украина ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслиги жаҳон ҳамжамиятига намойиш этилди", дейди у.
Қайд этилишича, бу қарор Киевга Россиянинг Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмини тўлиқ назорат қилиши сабабли донни экспорт қилишнинг иложи йўқлигига ишора қилиб, яқинлашиб келаётган озиқ-овқат инқирози мавзусида спекуляция қилишга имкон бермайди.
“Энди гап ўз қирғоқлари яқинидаги Қора денгиз соҳилларини, жумладан, порт сувларини ҳали тозаламаган Украина томонида”, дейди Конашенков.
Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги”ни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлаши, Бердянск ва Мариупол каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтган эди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йилнинг февралида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни фейк деб атади.
Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини маълум қилди. ТРТ телеканали ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоиз тайёр эканлигини ва тегишли келишувларга эришилса, у амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.
LiveБарчаси