Россия Фаластин-Исроил можаросини ҳал этиш бўйича йиғилиш ўтказмоқчи

Олам

image

Россия Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони минтақавий вазирлар даражасида ҳал қилиш бўйича учрашув ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Федерациянинг Исроилдаги элчиси Анатолий Викторов маълум қилди

“Гап минтақадаги барча мамлакатлар вазирлари даражасидаги учрашув тўғрисида бормоқда. Ғоялар океан ортидан ташланмаслиги керак ва минтақавий кучлар бу ерда муҳим роль ўйнаши лозим”, дейди элчи.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ бу вазиятга аралашуви масалани янаям чигаллашишига олиб келади.

“Бизнинг собиқ ҳамкоримиз (АҚШ  – таҳр.) бу вазиятда идиш-товоқ дўконидаги фил каби ҳаракат қилмоқда. Бу нафақат идишлар синишига, балки жавонларга ҳам зиён етишига олиб келиши мумкин”, дейди Викторов.

Россия элчиси шунингдек, Фаластиннинг сиёсий ва ташкилий бирлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган. 

“Бу минтақада тинчлик ўрнатиш ва уни янада мустаҳкамлаш муаммоларидан бири ҳисобланади”, дейди дипломат.

Фаластин-Исроил можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия элчи Фаластин-Исроил вазирлар учрашуви Анатолий Викторов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг