Россия элчиси Оқ уйни “террорчи”ни тақдирлашда айблади
Олам
−
09 Март 2023
10946Аввал хабар берганимиздек, кеча, 8 март куни Оқ уйда бутун дунёдан келган 11 нафар аёлга “Жасоратли аёллар” мукофоти топширилган эди. Совриндорлар орасида украиналик шифокор Юлия Паевская ҳам бор эди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов эса Оқ уйда Паевскаяга халқаро мукофот топширилишини нацизмнинг улуғланиши деб топди.
“Бу шармандалик. Нацистларни Оқ уй деворлари ичида шарафлаш мумкинлиги хаёлимга сиғмайди. Билмаганлар учун: Паевскаянинг қўллари кексалар, аёллар ва болаларнинг қонига ботган. У украиналик террорчи. Маълум бўлишича, Қўшма Штатлар Россияни безовта қилиш учун нацизмни улуғлашга ҳам тайёр. Маҳаллий ҳукмрон доиралар ўз ҳаёти эвазига дунёни “қўнғир вабо”дан [нацизим назарда тутилмоқда] озод қилган америкалик ва совет фахрийлари олдида шарманда бўлиши керак”, деган Антонов.
Унинг айтишича, Паевская 2022 йил март ойида икки боланинг ота-онасини ўлдириб, ўзи уларнинг онаси эканини айтган. Ўғирланган вояга етмаганлар кейинроқ Паевская уларни ўлдириш билан таҳдид қилганини тан олган. 2014 йилда бу шахс Украинада ҳокимиятни қуролли эгаллаб олинишида фаол иштирок этган. 2018 йилда у Донбассда неонацистларни жанговар тайёрлаш билан шуғулланган. Тинч аҳолига қарши жиноятлар содир этган. Шунингдек, Антонов Америка расмийлари буларнинг барчасидан хабардор эканини айтган.
Маълумот учун, мазкур мукофот 2007 йилда ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс томонидан таъсис этилган. Мукофот тинчлик, адолат, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ҳамда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришда жасорат, куч ва етакчилик кўрсатган аёлларни тақдирлашни кўзлаган. Ташкил этилганидан буён 80 дан ортиқ мамлакатдан 180 дан ортиқ аёл мукофотга сазовор бўлган. Президент Байден мукофотни топшириш маросимини Давлат департаментидан Оқ уйга кўчирган.
LiveБарчаси