Россия депутати рубль курсининг тушишида мигрантларни айблади
Олам
−
10:40
5380Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев мигрантларни мамлакатда ишлаб топган пулларини ўз ватанига юбориб, валютага бўлган сунъий талабни оширмоқда ва доллар курсининг ўсишига таъсир кўрсатишда айблади. Бу ҳақда депутат ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Россияда ишлаётган миллионлаб муҳожирлар ҳар йили ўз юртларига топган даромадларини юборишади. Бу пул ўтказмаларининг аниқ маълумотлари сўнгги йилларда яширилган, аммо мавжуд маълумотларга кўра, гап ҳар йили ўн миллиардлаб доллар ҳақида кетмоқда”, деб ёзади Матвеев.
Унинг таъкидлашича, бу пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМнинг ярмини (2023 йилда 5,7 миллиард доллар), Қирғизистон ЯИМнинг учдан бирини, Ўзбекистон ЯИМнинг 12-15 фоизини ташкил этади. Шунингдек, Грузия (2 миллиард доллардан ортиқ), Арманистон (3 миллиард доллардан ортиқ) ва Қозоғистон каби давлатларга ҳам катта миқдорда пул ўтказмалари амалга оширилади.
“Бу ҳолатда мигрантлар ва уларнинг Россиядаги диаспоралари ҳар йили Россия банкларида ўн миллиардлаб доллар сотиб олиб, валютага сунъий талаб ва курснинг ўсишига сабаб бўлмоқда”, дейди депутат.
Матвеев мигрантларга нисбатан янги сиёсатни таклиф қилган: визали режим жорий этиш, кириб келаётганларнинг тўлиқ рақамли ва геном назоратини ўрнатиш, Марказий Осиё ва Кавказ халқларига паспортлар беришни тўхтатиш, аввал берилган паспортларни текшириш ва уларни қайтариб олиш, шунингдек, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш.
Шу билан бирга, мигрантлар кўпинча пул ўтказмаларини Россия рублида амалга оширади. Масалан, Осиё Тараққиёт Банки маълумотларига кўра, Тожикистонга кириб келадиган пул ўтказмаларининг 90 фоиздан ортиғини рубль ташкил этади.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада рубль курси бир АҚШ доллари учун 115 га тушиб кетди. Бунга асосий сабаб сифатида Россия иқтисодиётидаги тизимли инқироз ва Украинадаги урушга сарфланаётган катта харажатлар ва халқаро изоляция кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 декабрдан бошлаб Россияга кириш ва чиқишда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича эксперимент бошланганди.
LiveБарчаси