1 декабрдан Россияга киришда мигрантларнинг биометрик маълумотлари йиғилади
Жамият
−
29 Ноябрь
85211 декабрдан бошлаб Россияга кириш ва чиқишда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича эксперимент бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар берди.
Россия томонининг маълумотига кўра, ушбу тажриба Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрдаги 1510-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилиб, у чет эл фуқаросининг рақамли профилини яратишга қаратилган.
Экспериментнинг асосий босқичлари:
Биринчи босқич 2024 йил 1 декабрдан бошланади ва 2026 йил 30 июнгача Москва аэропортларида (Шереметево, Домодедово, Внуково ва Жуковский) ҳамда Маштаково автомобиль юк ва йўловчи назорат пунктида (Оренбург вилояти) давом этади.
Ушбу босқичда Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтишда (кириш/чиқиш) хорижликлар (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) биометрик маълумотларни – юзнинг фотографик тасвирини ва бармоқ изларини тақдим этади.
Иккинчи босқичда 2025 йил 30 июндан 2026 йил 30 июнига қадар эксперимент кенгайтирилади ва Россия давлат чегараси орқали барча назорат-ўтказиш пунктларини қамраб олади.
Ушбу босқичда Россия Федерациясига визани талаб қилмайдиган тартибда киришни режалаштираётган чет эл фуқароси (жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам) эксперимент давомида РФга киришдан олдин қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
- Ягона портал мобил иловасидан фойдаланган ҳолда идентификация ва аутентификациянинг ягона тизимида рўйхатдан ўтиш тартибидан ўтади;
- реал вақт режимида ўз фотосуратларини ягона портал мобил иловасига тақдим этади ва биометрик шахсий маълумотларини ягона биометрик тизимга жойлаштиради;
Россия Федерациясига кириш режалаштирилгандан камида 72 соат олдин ёки 4 соатдан кечиктирмасдан (агар шошилинч даволаниш зарурати, қариндошининг ўлими факти мавжуд бўлса) кириш мақсадлари тўғрисида электрон баёнот беради.
Ушбу эксперимент Россия Федерациясига кирувчи ва чиқувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга амал қилади, бундан мустаснолар қуйидагилар:
- Беларусь Республикаси фуқаролари;
- дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари;
- халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари;
- дипломатик ёки хизмат паспортига эга бўлган шахслар;
- 6 ёшгача бўлган болалар.
“Шу боис, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эътиборини Россия Федерациясига кириш ва чиқишда қабул қилувчи давлат қоидаларига риоя қилишга қаратамиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иш ҳақлари ошганига қарамай Россияни деярли 1 млн мигрант тарк этгани хабар қилинганди. Мамлакатни тарк этганлар эса асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь