Россия “бузғунчи қадриятларни ўрнатадиган” давлатлар рўйхатини тузди
Олам
−
21 Сентябрь
11378Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳукумат томонидан тузилган “рус маънавий ва ахлоқий қадриятларига зид бўлган бузғунчи, неолиберал муносабатларни ўрнатадиган” мамлакатлар рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Рўйхатга Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари, Словакия ва Венгрия, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Украина, Япония, Cингапур, Тайвань ва ҳатто Микронезия, Андорра ва Багама ороллари – жами 47 та давлат ва ҳудуд киритилган.
Жорий йилнинг август ойида Россия Президенти Владимир Путин имзолаган фармонга кўра, бундай рўйхатдаги давлатлар фуқаролари, агар улар неолиберал бузғунчи муносабатлардан азият чеккан бўлса, Россияда яшаш учун рухсат олишлари мумкин. Улардан рус тили, рус маданияти ёки тарихини билиш талаб этилмайди. Билдирилишича, қарор инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда Россия билан маънавий, маданий ва ҳуқуқий алоқани танлаганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.
Ташқи ишлар вазирлиги эса бундай хорижликларга уч ойлик бир марталик визалар беради. Бунинг учун улар яшаш жойидаги Россия элчихонаси ёки консуллигига мурожаат қилишлари керак. Бироқ ҳужжатда ариза берувчиларнинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларга содиқлиги қандай текширилиши аниқ кўрсатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой “Коммерсанть” нашрига берган интервьюсида Россия ҳозирда мамлакатда ноқонуний бўлиб турган хорижликларнинг реестрини тузаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси