Россия буғдой экспортини 6 ойга тақиқлади
Олам
−
23 Ноябрь 2023
6615Россия ҳукумати ун маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш мақсадида 2023 йил 1 декабрдан 2024 йил 31 майга қадар буғдой экспортини тақиқлади. Бу ҳақда "Росбалт" хабар берди.
Аниқлик киритилишича, мамлакат ҳудудидан қаттиқ буғдой экспортини вақтинча тақиқлаш бўйича йиғилиш баённомаси Бош вазир ўринбосари Андрей Белоусов томонидан тасдиқланган.
"Бўғдой унидан тайёрланган маҳсулотлар нархини барқарорлаштириш учун ўрнатилаётган янги тартиб жорий йилнинг 1-декабридан 2024-йилнинг 31-майигача амалда бўлади. Бундан ташқари, айни пайтда Россиядан 24 миллион тонна ғалла экспорт қилиш квотаси ҳам белгилаб қўйилган", дейилади хабарда.
Аввалроқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россиядан қаттиқ буғдой олиб чиқишни 6 ой муддатга тақиқлашни таклиф қилганди. Шунингдек, вазирлик Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатларга арпа, маккажўхори ва жавдар сотиш учун квоталар жорий этиш кераклигини айтган.