Россия Бойқўнғирнинг бир қисмини Қозоғистонга топширади
Олам
−
29 Ноябрь
100542025 йилда Россия томонидан Қозоғистонга Бойқўнғирдаги 1-старт мажмуасини топшириш жараёни бошланади. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.
Нашрга кўра, бу қарор Россия-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг Бойқўнғир космодроми бўйича баённомасида қайд этилган.
“2025 йилнинг биринчи ярмида “Роскосмос” давлат корпорацияси, Қозоғистоннинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги 1-майдондаги объектларни топшириш-қабул қилиш жараёнини ташкил этиши керак”, дейилади ҳужжатда.
Мазкур майдон “Гагарин старти” деб аталади, чунки айнан шу ердан инсоният тарихида биринчи марта космосга чиққан Юрий Гагарин парвоз қилган.
2023 йилда “Роскосмос” давлат корпорацияси Қозоғистон ҳукуматига ушбу майдонни космик техникалар кўргазмасини ўз ичига оладиган музей ташкил этишни таклиф қилган.
Маълумот ўрнида, Бойқўнғир космодроми дунёдаги энг йирик ва энг эски космик портлардан ҳисобланади. Космодром Қозоғистоннинг жануби-ғарбий қисмида, Қизилўрда вилоятида жойлашган. 1994 йилда Россия ва Қозоғистон ўртасида имзоланган шартномага кўра, Бойқўнғир 2050 йилгача Россияга ижарага берилган. Россия ҳар йили Қозоғистонга ижара учун тахминан 115 миллион АҚШ доллари миқдорида тўлов қилади. Бундан ташқари, инфратузилма ва техник хизматлар учун қўшимча маблағлар ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бойқўнғир космодромидан “Прогресс МС-27” юк ташувчи кемаси бўлган “Союз-2.1a” ракетаси ҳавога кўтарилган эди.
LiveБарчаси