Россия Беларусга ядровий ўқ-дориларини етказиб берди (видео)
Олам
−
21 Май 1907 1 дақиқа
Россия Мудофаа вазирлиги ядровий машғулотлар доирасида Беларусдаги ракета бригадасининг дала пунктларига махсус ўқ-дорилар етказиб берди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода ҳарбий юк машиналари ўрмон ва тупроқ йўллар орқали ҳаракатланаётгани, кейин эса момақалдироқ вақтида юклар туширилаётгани акс этган. Сўнгги кадрларда “Искандер” тезкор-тактик ракета мажмуаси ҳам кўрсатилган.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ҳарбийлар “махсус ўқ-дориларни қабул қилиш бўйича ўқув-жанговар вазифаларни бажармоқда”. Шунингдек, “Искандер-М” мажмуалари махсус ракеталар билан жиҳозланиб, учиришга тайёргарлик кўриш учун белгиланган ҳудудларга юборилган.
Аввалроқ, Россия ядро кучларини тайёрлаш ва қўллаш бўйича машғулотлар ўтказишини билдирган. Машғулотлар давомида Беларусь ҳудудида жойлаштирилган ядро қуролидан қандай фойдаланиш бўйича амалий машқлар ўтказилиши режалаштирилган.
Беларусь Мудофаа вазирлиги ҳам 18 майдан бошлаб ядро қуролини жанговар қўллаш бўлинмалари иштирокида машғулотлар ўтказмоқда.
Россия бунгача Беларусь ҳудудига тактик ядро қуролларини жойлаштирганини маълум қилган. Бундай қуроллар жанг майдонида ёки узоқ масофадаги нишонларга чекланган ядро зарбаси беришда қўлланиши мумкин. Шунингдек, Россия Беларусга ушбу қуролларни ташувчи “Искандер” мажмуаларини ҳам топширган.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май