Россия Беларусдаги ядро қуролидан рухсатимсиз фойдаланмайди – Лукашенко
Олам
−
24 Октябрь
3095Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия ҳеч қачон Беларусда мавжуд бўлган ядро қуролидан Республика раҳбариятининг розилигисиз фойдаланмаслигини айтди. Бу ҳақда у BBC журналисти Стивен Розенбергга берган интервьюсида сўз очди.
“Путин ҳеч қачон Беларусь ҳудудида жойлашган қуролларни мамлакат раҳбарининг розилигисиз ишлатмайди. Мен сизга қурол қандай ишлатилишини айтмайман, лекин мен қуйидагиларни айтишим мумкин: уларни менинг рухсатимсиз ишлатиш мумкин эмас. Бироқ, агар Беларусга керак бўлса, улардан фойдаланамиз”, деган Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, агар гап ядро қуроли ҳақида кетса, ҳатто Беларусь ўзини ҳимоя қилиши ёки кимгадир ҳужум қилиши керак бўлганда, республика Россия Президенти Владимир Путин билан доимо маслаҳатлашиб иш тутади.
Лукашенко ядро қуроли қўрқинчли нарса эмаслиги, балки кучли тўхтатувчи восита эканини, керак бўлса, ундан фойдаланишга тайёрлигини айтди.
“Биз ҳеч кимга ҳужум қилмоқчи эмасмиз. Лекин мабодо, бирон-бир аскар чегарани кесиб ўтса ҳам, биз бу қуролни ишлатамиз”, деган у.
Журналист ундан Шимолий Корея Украинада Россия билан бирга жанг қилиш учун қўшин юборгани ҳақидаги даъволарга изоҳ беришни сўраганида, у қуйидагича жавоб қайтарган:
“Путиннинг феъл-атворини биламан, у ҳеч қачон бошқа давлат армиясини Россиянинг Украинадаги “махсус операцияси” учун юборишга кўндиришга уринмайди”.
BBC'нинг Россиядаги муҳаррири Стивен Розенберг, шунингдек, Лукашенкога Путин ундан Кремлнинг Украинадаги уруши учун Беларусь қўшинларини беришни сўраган ёки сўрамаганлиги ҳақида савол билан юзланди.
“На Путин, на Россиянинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва на амалдаги Мудофаа вазири Андрей Белоусов бу масалани ҳеч қачон кўтармаган”, деган Лукашенко.
Журналист эса Беларусь Россия урушида иштирок этгани, 2022 йилнинг февраль ойида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши қисман Беларусь ҳудудидан бошланганини эслатган. У нега Лукашенко мамлакат ҳудудидан фойдаланиш учун Кремлга рухсат берганлиги ҳақида сўраганида, у бу фактларни рад этган.
Маълумот учун, Лукашенко 30 йилдан бери ҳокимият тепасида турган дунё етакчилари сирасига киради. У сайловларни ўғирлаш, янгича дунёқарашни йўқотиш ва демократияни парчалашда айбланган. Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ уни Беларуснинг қонуний раҳбари сифатида тан олмайди.
Ядро қуролига келсак, СССР қулаганидан сўнг, Беларусь ўзининг ядровий арсеналидан воз кечди ва 1993 йилда ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага ядровий бўлмаган давлат сифатида қўшилди. Республика ҳудудидан тўлиқ ядро қуроллари 1996 йил ноябрь ойида олиб чиқилган.
Бироқ 2023 йилнинг март ойида Владимир Путин Россия тактик ядро қуролини Беларусь ҳудудида жойлаштириш режаларини эълон қилди ва буни Американинг Европа мамлакатларида шунга ўхшаш қуролларни жойлаштириш сиёсати билан изоҳлади. Биринчи ядровий зарядлар ўша йилнинг июнь ойи ўрталарида республикага етказиб берилди.
2024 йилнинг ёз фасли бошида Беларусь ҳарбийлари стратегик бўлмаган ядро қуролидан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь резиденти Александр Лукашенко НАТО мамлакатлари Беларусга ҳужум қилишга қарор қилса, Минск Россия билан тузилган шартнома асосида мамлакатда жойлаштирилган ядро қуролидан фойдаланишини айтганди. Унинг таъкидлашича, Россия Президенти Владимир Путин ядро доктринасини ўзгартириш ҳақидаги сўнгги нутқида Беларусь ўзини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини тасдиқлаган.
LiveБарчаси