Россия Беларусда қўшинлари сонини кўпайтирмоқда.
Олам
−
20 Февраль 2022 10493 2 дақиқа
Жорий йил 10 февраль куни бошланган Россия ҳарбийларининг Беларусь ҳудудидаги машғулотлари бугун, 20 февраль куни тугаши режалаштирилган эди. Аммо, Ғарбга кўра Беларусдаги рус қўшинлари ортга қайтиши ўрнига, уларнинг сони яна ҳам кўпайган.
Украина чегарасадаги вазият жиддийлашиши ва хавф даражаси ортгани сабабли Беларусь ўз ҳудудига киритилган 30 000 дан ортиқ Россия қўшинини мамлакатда сақлаб қолишга қарор қилган. Бу ҳақда бугун Беларусь Мудофаа вазирлиги хабар берди.
НАТОга аъзо Ғарб мамлакатлари томонидан ушбу ҳаракат Россиянинг Украинага ҳужум қилиши ҳақидаги тахминларнинг ростлигига исбот сифатида баҳоланмоқда.
Украинага ҳужум қилиш ҳақидаги хабарларни инкор қилиб келаётган Кремль, ҳозирча Беларусь Мудофаа вазирлиги эълон қилган баёнет ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Маълум қилинишача, ҳатто кеча, 19 дан 20 февралга ўтар кечаси Украина шарқидаги Донецк (ДХР) ҳудудидан бир неча бор кучли портлаш овозлари эшитилган.
Аммо, Киев ҳам ДХР ҳам ҳужум уюштирилишида бир-бирини айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар - тан олинмаган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари кеча, 18 февраль куни аҳолини Россияга эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган.
Украина таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатида бўлган икки ҳудуд жорий йилнинг 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Донбассга ҳужум қилганини рўкач қилиб, Киевни айбламоқда. Аммо, расмий Киев ЛХР ва ДХР томонидан Украина ҳудудига 60 маротаба ўқ узилганини айтмоқда. Ҳатто, баъзи ҳужумлар оғир артиллериялар ёрдамида уюштирилгани маълум қилинган.
Расмий Киев ЛХР ва ДХРни Россия ҳужумга ўтиши учун баҳона яратиш мақсадида, Украина уларга биринчи ўт очгани ҳақидаги ёлғон хабарларни тарқатишда айблаган.
ЛХР ва ДХР ҳужум бошлангани ортидан ўз фуқароларини Россия ҳудудига эвакуация қила бошлаган.
Live
Барчаси