Россия авиакомпаниялари эски самолётларни парвозга қайтармоқчи
Олам
−
19 Январь 8956 2 дақиқа
Россия авиаташувчилари илгари консерваланган (фойдаланишига яроқсиз деб олиб қўйилган) баъзи самолётларни 2026 йилда хизматга қайтаришни режалаштирмоқда. Россияда самолётлар етишмаслиги мамлакатга нисбатан жорий этилган санкциялар билан янада кучайган. Бу ҳақда бугун, 19 январь куни “Известия” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 12 та самолёт аллақачон қайта фойдаланиш учун тикланган. Шундан 10 таси амалдаги самолётларни таъмирлаш дастури доирасида авиакомпанияларга қайтарилган. Қолган 2 таси ҳам тез кунда таъмирдан чиқарилиб авиакомпанияларга қайтарилиши режалаштирилмоқда. Дастур 2027 йилгача узайтирилган.
Шунингдек, илгари консерваланган хорижий самолётлар ҳам қайта тикланмоқда. Хусусан, мунтазам рейсларда ишлайдиган икки қаватли Boeing 747 самолётлари сони 2026–2027 йилларда 2 баравар кўпайиши мумкин. “Россия” авиакомпанияси ушбу самолётлар паркини иккитадан тўрттагача кўпайтиришни режалаштирмоқда. Мазкур самолётлар авиакомпания томонидан Transaero банкротлигидан кейин сотиб олинган ва илгари омборда бўлган. Улардан бири 2025 йил ноябрь ойида қайта тикланган, иккинчиси эса 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Россия авиакомпаниялари учун Boeing 747 самолётларини таъмирлаш – техник база ва мутахассислар мавжуд бўлган дўстона мамлакатларда, масалан, Эронда амалга оширилиши мумкин.
Мутахассислар эски самолётларнинг қайтишини Украинадаги уруш туфайли жорий этилган санкциялар туфайли Россияда самолётларнинг етишмаслиги билан боғламоқда. Бундан ташқари, Россия авиация саноати ҳали ўз самолётларини оммавий ишлаб чиқаришга қодир эмас.
Бундан ташқари, 2025 йилга келиб Россия дилерлари учинчи мамлакатлар орқали Airbus ва Boeing учун санкциядаги эҳтиёт қисмларнинг “кулранг импорти”ни йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Бу Россия авиакомпанияларига санкцияларга қарамай, Ғарб самолётларидан фойдаланишни давом эттиришга имкон беради.
Маълумот ўрнида, “Россия” авиакомпаниясида еттита Boeing 747 самолёти бор. Уларнинг энг эскиси 28 йиллик, энг янгиси эса 25 йиллик. Уларнинг учишга яроқлилик сертификатлари 2021 ва 2024 йиллар оралиғида тугаган. Red Wings авиакомпаниясининг флотида 4 та “Ту-204” самолёти мавжуд. Уларнинг энг “навқирони” 31 йиллик, энг янгиси эса 17 йиллик. Ушбу самолётларнинг учишга яроқлилик сертификатлари 2019 ва 2025 йиллар оралиғида тугаган.
Live
Барчаси