Россия армиясига ёлланган туркманистонликлар сони очиқланди
Олам
−
21 Август 2025 11011 2 дақиқа
Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 122 нафар Туркманистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. Рўйхат лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди.
Қайд этилишича, 122 нафар Туркманистон фуқароси 2025 йилнинг дастлабки 6 ойида Россия томонидан урушда қатнашиш учун ёлланган. Бу ҳақда хорижий ёлланма аскарлар ҳақида олиб борилаётган мунтазам нашрлар доирасида маълум қилинган.
Туркманистон ҳукумати Россиянинг ёллаш ҳаракатларига қарши чоралар кўраётганига қарамай, россияликлар Туркманистон фуқароларини ҳужумчи бўлинмаларга жалб қилишда давом этмоқда. Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга қараганда Туркманистондан ёлланганларнинг сони энг кам бўлса-да, 2023 йилдан бошлаб уларни жалб қилиш суръати йилдан йилга ошмоқда.
“Россия бундай ёллаш жараёнида асосан фуқаролик беришни “савдо воситаси” сифатида ишлатмоқда. Ҳар қандай шахс шартнома имзолаб, Украинадаги номаълум ҳудудларда жанг қилишга рози бўлса, унга пул ва Россия фуқаролиги таклиф этилмоқда. Пул ва паспорт ёлланма аскарлар учун асосий сабаб бўлиб қолмоқда”, дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоизки, ёлланганларнинг аксарияти ўз пулларидан фойдалана олмаган ёки Россия фуқароси сифатида бериладиган “имтиёзлардан” баҳраманд бўлолмаган.
“Уларни фронтга юбораётган қўмондонлар оддий аскарларнинг оммавий ҳалок бўлишига бефарқ, Осиё мамлакатларидан ёлланганларни эса умуман бир марталик куч сифатида кўради. Улар учун орқа қисмларда, штабларда ёки блокпостларда жой ажратилмайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Украина ҳукумати барча мамлакатларни, фуқаролари Россия томонидан ёлланаётган давлатларни ва жаҳон ҳамжамиятини бу “жинояткорона амалиёт”ни тўхтатиш учун барча чораларни кўришга чақирган. Украина Ташқи ишлар вазирлиги хорижий фуқароларга Россия армиясига қўшилмасликни қатъий тавсия этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу лойиҳа доирасида Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифи эълон қилинганди.
Live
Барчаси