Россия АҚШга Украина бўйича музокараларга тайёр эканини очиқ айтди – “Bloomberg”
Олам
−
26 Январь
13954Россия расмийлари норасмий каналлар орқали АҚШ раҳбариятига Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича мулоқотга, жумладан, Киев учун бўлажак хавфсизлик чораларини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги Кремлга яқин ўз манбаларига таяниб, хабар берди.
Агентлик манбаларига кўра, Москвадан келган “сигналлар” ўтган ой Вашингтон томонидан номаълум воситачи орқали олинган.
“Bloomberg” суҳбатдошларининг таъкидлашича, Россия катта эҳтимол билан Украинанинг нейтрал мақоми ва Киевнинг НАТОга қўшилмаслик талабидан воз кечиш имкониятига йўл қўйиши мумкин, аммо ҳозирда Россия қўшинлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудларни тан олишни талаб қилади (Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари).
Шунингдек, Россия Федерацияси Қримнинг мақомини ҳеч қандай тарзда муҳокама қилишга тайёр эмас.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши агентликка Россия томонининг бундай “сигналлари” ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтган.
“Россия позициясида тасвирланган ўзгаришлардан хабардор эмасмиз. Россия билан қачон ва қандай музокара олиб боришни Украинанинг ўзи ҳал қилади”, дейди Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон “Bloomberg” билан суҳбатда.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса агентликка “Россия Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар учун очиқ бўлган ва шундай бўлади” дея жавоб берган.
“Бироқ у ўз мақсадларига эришилгунга қадар “ҳарбий амалиёт”ни давом эттиришга қарор қилди”, дейди Песков.
LiveБарчаси