Россия АҚШ билан яна маҳбуслар алмашишга тайёрлигини билдирди
Олам
−
11 Декабрь
1370Россия Америка Қўшма Штатлари билан яна бир маҳбус алмашиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.
Дипломатга кўра, бундай келишувлар Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ёрдам беради. Рябковнинг таъкидлашича, янги келишув “олдинга соғлом қадам” бўлади. У АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти учун бу қадамнинг жуда муҳим эканлигини таъкидлаган.
Унга кўра, бундай келишув ҳар икки томоннинг кўп босқичли ёндашувини, шу жумладан маҳбусларни афв этишни талаб қилади.
“Mash” каналига кўра, маҳбуслар алмашинуви 2025 йил февралида, 20 январга режалаштирилган Трамп инаугурациясидан бир неча ҳафта ўтиб, амалга оширилиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги рўйхатига Қўшма Штатларда жосуслик ва санкцияларни четлаб ўтиш схемаларини уюштиришда айбланган 70 киши киритилган. Америка рўйхатига ҳарбий хизматчи Гордон Блек, АҚШ фуқароси Жозеф Татер, АҚШ ва Россия фуқароси Ксения Карелина киритилган.
Маълумот учун, Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида аввалги маҳбуслар алмашинуви жорий йилнинг 1 август куни Анқарада бўлиб ўтган эди. Унда Россия, АҚШ, Германия, Польша, Словения, Норвегия ва Беларусь қамоқхоналарида сақланаётган 26 киши алмашилган. Озод қилинган ўн нафар, жумладан, икки бола Россияга, 13 нафари Германияга, уч нафари АҚШга жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, 2 августга ўтар кечаси Россия Президенти Владимир Путин Москванинг Внуково аэропортида Ғарб давлатлари билан маҳбуслар алмашинуви доирасида ватанига қайтган россияликларни шахсан кутиб олганди. “Интерфакс” агентлиги хабарига кўра, учиш-қўниш йўлагида россияликларни Президент полкининг ҳарбий хизматчилари ҳам кутиб олган.
LiveБарчаси