Россия Африканинг 33 давлати билан ҳарбий шартнома имзолади
Олам
−
09 Ноябрь
6931Россия Африка мамлакатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича 33 та ҳужжат имзолади. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси ва Россия-Африка форматидаги тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш қўмитасининг масъул котиби Антон Кобяков маълум қилди.
Кобяковга кўра, Россия учун Африка қитъаси мамлакатларига хавфсизлик таъминотчиси ролини бажариш амалий ва ҳаётий зарурат ҳисобланади.
“Ҳозирги кунда Россия Африка қитъасидаги 33 давлат билан мунтазам ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича битимлар имзолади”, деди Кобяков Россия-Африка ҳамкорлик форуми доирасида ўтказилган матбуот анжуманида.
Билдирилишича, яқин кунларда Бурунди давлатида Россия томонидан инқирозни бошқариш маркази очилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Россия 2030 йилга бориб Африка давлатлари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мустақил молиявий тизим яратишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Африкага минерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришни кўпайтириш ҳам кўзда тутилган. Шу асосда, Сенегал ва Танзанияда тез орада Россия савдо ваколатхоналари очилиши кутилмоқда.
“Россия озиқ-овқат ва агротехнологиялар билан Африкага ёрдам кўрсатишга тайёр. Шунингдек, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни кўпайтириш ва аграр соҳада илмий-тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш режалаштирилмоқда”, деди Кобяков.
Маълумот учун, Россия-Африка ҳамкорлик форуми 9-10 ноябрь кунлари Сочидаги “Сириус” федерал ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Маълумотларга кўра, конференцияда 54 та делегация ва 45 та вазир иштирок этяпти.