Россия 10 яшар ўқувчининг ўлими бўйича тилга кирди: ҳамдардлик билдирамиз
Олам
−
18 Декабрь 39727 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдиради. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
“Россия Ташқи ишлар вазирлиги тожик томонига, марҳумнинг оиласига ва ҳужумда жароҳат олганларга чуқур ҳамдардлик билдиради. Россия томони Тожикистон Республикаси билан стратегик шериклик ва иттифоқчиликка хос бўлган ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилига амал қилади”, деб таъкидлади дипломат.
Захарованинг сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди. У Россия томони терговнинг холис бўлишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини айтган. Мария Захарованинг қўшимча қилишича, ҳар қандай инсон ҳаёти, фуқаролиги ёки миллатидан қатъи назар, энг юқори қадриятдир.
17 декабр куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У қўриқчи ва тўртинчи синф ўқувчисини пичоқлаб, болани ўлдирди. Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.
Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олинган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
Live
Барчаси