Россия ҳарбийлари Қозоғистондан чиқиб кетди

Олам

image

Бугун, 15 январь куни Россиянинг Коллектив хафвсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучлари таркибидаги ҳарбийлари Ил-76 ва Ан-124 самолётларида Қозоғистонни тарк этди. Бу ҳақда РФ Мудофаа вазирлиги хабар қилди.

“Россиянинг Қозоғистондаги КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучлари таркибидаги бўлинмалари ҳарбий техникаларни Ил-76 ва Ан-124 ҳарбий самолётларига юклаб, Олма-отадан учиб кетди”, дейилади хабарда.

Ўн бешта Ил-76 ва учта Ан-124 самолётлари тинчликпарвар кучлари ва ҳаво-десант бўлинмаларининг шахсий таркиби ҳамда жиҳозларини Иваново ва Москва вилоятлари аеродромларига етказиб беради. Кейин тинчликпарвар кучлар доимий жойлаштириш пунктларига қайтадилар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар контингенти Қозоғистондан чиқишни бошлади. Маълум қилинишича, КХШТ кучларининг Қозоғистонни ташлаб чиқиб кетишига 10 кун кетади. Бунгача Беларусь ва Арманистон ҳарбийлари мамлакатни тарк этгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг 5 январь куни мамлакатдаги тинч намойишлар тартибсизликларга айланиб кетиши ортидан ўзи аъзо бўлган КХШТдан ҳарбий ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, 6 январт куни КХШТнинг тинчликпарвар кучлари номи остида Россиянинг 3000, Беларуснинг 500, Тожикистоннинг 200, Қирғизистоннинг 150, Арманистоннинг 100 нафар ҳарбийси Қозоғистонга киритилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

217

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг