Роналду Ўзбекистонга келиши мумкин

Спорт

image

ОФК Элит Чемпионлар лигасида иштирок этадиган Ўзбекистон клубларининг рақиблари маълум бўлди. Криштиану Роналду бошчилигидаги “Ал-Наср” “Нефтчи” ва “Пахтакор”га қарши майдонга тушиши аниқ. Бу ҳақда футбол эксперти Алишер Никимбаев маълум қилди.

Футбол эксперти Алишер Никимбаевнинг айтишича, қуръадаги A, B, C ва D белгилар саватларни эмас, жамоалар жойлаштириладиган устунларни англатади.

Қуръа натижасида ҳар бир жамоа 1-, 2-, 3- ва 4-саватлардан иккитадан рақиб билан учрашади. Ҳар бир клуб жами 8 та ўйин ўтказади 4 таси уйда, 4 таси сафарда.

“ОФК рейтингда биринчи ўринда турган Саудия Арабистони клубларини иккинчи ва учинчи ўриндаги мамлакатлар – БАА ва Қатар клубларидан турли устунларга ажратишга қарор қилган. Амалда бу Саудия Арабистони клублари БАА ва Қатар жамоалари билан албатта ўйнашини англатади.
Масалан, 2-сават қуръасида “Ал-Наср” “Ал-Айн” ёки “Ал-Садд” билан бир устунга туша олмайди. Худди шунингдек, “Шабаб Ал-Аҳли” ҳам “Ал-Аҳли” Жидда билан бир устунга тушмайди. Шу сабабли “Нефтчи”нинг ҳам устун танлаш имконияти чекланади. У тўртта эмас, фақат иккита устундан бирини танлай олади. Бу – 1-саватдан “Ал-Садд” ва “Ал-Айн” тушган устунлар бўлади. Бундан ташқари, мазкур икки устун ёнма-ён жойлашиши мумкин эмас. Бу бир мамлакат клубларининг ўзаро тўқнаш келиб қолишининг олдини олади”, дейди Никимбаев.

Мутахассиснинг фикрича, Ўзбекистоннинг “Нефтчи” ва “Пахтакор” клубларининг қуръадаги рақиблари аниқ ва улар орасида Криштиану Роналду тўп тепадиган Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” жамоаси бўлади.

“Умуман олганда, Ўзбекистон клублари гуруҳ босқичида Қатар ва БАА жамоалари билан ўйнамайди. Улар Саудия Арабистонининг барча беш клуби, шунингдек, Эрон ва Ироқ жамоалари билан учрашади.
Шунинг учун Ўзбекистон клубларининг гуруҳ босқичидаги барча рақиблари олдиндан маълум. Қуръа фақат қайси рақиб билан уйда, қайси бири билан сафарда ўйнашни аниқлаб беради. Кейин компьютер дастури ушбу учрашувларни турлар ва саналар бўйича тақсимлайди”, дейди Никимбаев.

“Ал-Наср” 2-саватдан жой олган, “Нефтчи” ҳам айнан шу саватда, “Пахтакор” эса 4-саватда иштирок этади. Никимбаев келтирган тақсимотга кўра, Ўзбекистон клубларининг рақиблари қуйидагича:

  • 1-сават:
  • “Ал-Аҳли”
  • “Истиқлол”
  • 2-сават:
  • “Эйр Форс”
  • “Ал-Наср”
  • 3-сават:
  • “Трактор”
  • “Ал-Ҳилол”
  • 4-сават:
  • “Ал-Қодисия”
  • “Ал-Иттиҳод”

Шундай қилиб, Криштиану Роналдунинг “Ал-Наср”и Ўзбекистон клубларига қарши майдонга тушади. Қуръа эса бу учрашувларнинг қайси бири Тошкент ёки Фарғонада, қайси бири рақиб майдонида ўтказилишини аниқлайди.

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” 11 август куни “Ал-Ҳусайн”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, Элит чемпионлар лигаси босқичга йўл олганди. Шу тариқа, эндиликда илк бор ушбу турнирда Ўзбекистоннинг икки клуби иштирок этади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг