Роналду тарихдаги энг яхши “Олтин тўп” соҳиби деб топилди
Спорт
−
09:35 2545 2 дақиқа
Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду “Олтин тўп” соврини тарихидаги энг яхши ғолибини аниқлаш учун ўтказилган овоз беришда ғолиб чиқди. Бу ҳақда “France Football” журнали матбуот хизмати хабар берди.
Ташкилотчилар тарихдаги энг яхши “Олтин тўп” соҳибини аниқлаш учун пуллик овоз бериш жараёнини бошлади. Ҳар бир овоз учун бир евро тўланган. Овоз беришда Роналду 2008 йилда қўлга киритган “Олтин тўп” соврини ғолиб деб топилди. Ўша пайтда у “Манчестер Юнайтед” сафида тўп суриб, Англия Премьер-лигаси ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган эди. Бу португалиялик футболчининг фаолиятидаги илк “Олтин тўп” бўлган. Кейинчалик у яна тўрт марта ушбу совринга сазовор бўлди.
Овоз бериш натижаларига кўра, 2008 йилги соврин 75 фоиз овоз тўплаган. Энг яхши учликдан 2012 йилги Лионель Месси ва 2017 йилги Криштиану Роналдуга берилган совринлар ҳам жой олган.
Маълумот учун, 41 ёшли Роналду беш карра Чемпионлар лигаси ғолиби, Европа чемпиони ва Миллатлар лигасининг икки карра ғолибидир. У миллий терма жамоалар, Европа чемпионатлари, Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати тарихида қатор тўпурарлик рекордларига эга.
Роналду 2022 йил декабридан буён Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клубида ўйнаб келмоқда. У фаолияти давомида “Спортинг”, “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид” ва “Ювентус” клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Live
Барчаси27 Октябрь