Роналду билан ва унга қарши ўйнаган ўзбек футболчилари

Таҳлил

Ҳар бир футболчи учун дунёнинг энг кучли ва таниқли ўйинчилари билан бирга ўйнаш ёки уларга қарши тўп тепиш энг ёқимли дамлардан биридир. Айниқса, бу ҳолат замонавий футболдаги икки қирол Роналду ва Месси иштирокида бўлса, янада ёқимлироқ. 

Ўзбек футболчилари орасида ҳам Криштиану Роналду билан бир сафда ва унга қарши ўйнаган ўйинчилар бор. Бугун Роналду билан бирга ва унга қарши ўйнаган ўзбекистонлик футболчиларга алоҳида тўхталамиз.

Жалолиддин Машарипов Роналду билан ва унга қарши ўйнаган

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси 2023 йилги мавсумда Саудиянинг “Ал-Наср” клуби сафида тўп тепган вақтида клуб таркибига Криштиану Роналду келиб қўшилди. Машарипов Роналду келгунича жамоада 7-рақам остида ҳаракат қиларди. Аммо у португалиялик мега юлдузга рақамини берди ва ўзи 77-рақамни танлади. Бу тандем клуб сафида бир нечта ўйинларни ўтказди. Шу тариқа, Жалолиддин Машарипов Роналду билан бирга ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланди. Роналду келишидан бир неча кун олдин Машарипов ўз Instagram саҳифасида жонли эфир қилганди ва ўшанда Роналду келиши ҳақидаги маълумотларни берганди. Шунингдек, Машарипов Криштиану келганидан кейин ҳеч кимнинг Instagram cаҳифасига обуна бўлмаслигини айтганди. Бу эса ўзбек сегментида муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинчалик, Машарипов Саудияни тарк этиб, Грециянинг “Пансерраикос” жамоаси сафига келиб қўшилди.

Футболчи 2024 йилнинг 4 февралида Эроннинг “Истиқлол”ига кўчиб ўтади. Айни дамга келиб у мазкур жамоада фаолиятини давом эттирмоқда. Форс клуби таркибида Машарипов яна эски қадрдони билан кўришади. Фақат бу сафар рақиб сифатида. Аниқроғи, Осиё Чемпионлар лигаси Элит 2024/25 йилги мавсумда “Истиқлол” ўз уйида “Ал-Наср”ни қабул қилади. Ушбу учрашувни ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машарипов ва “Ал-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду асосий таркибда бошлайди. Ўйин 1:0 ҳисобида саудияликлар фойдасига ҳал бўлади.

Роналдуга қарши Шомуродов 

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов 2020 йилги мавсумда Италиянинг “Женоа” клуби сафида ўйнаб юрган вақтида Криштиану Роналду “Ювентус” таркибида тўп тепарди. 2020 йилнинг 13 декабрида А Серия доирасида “Женоа” ўз майдонида Туриннинг “Ювентус”ини қабул қилади. Ўйинда мезбонлар сафида ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов 73-дақиқада захирадан майдонга тушган ва туринликлар сафидаги Роналдуга қарши ўйнайди. Эпизодардан бирида Шомуродов Роналдудан тўпни олиб қўяди ва анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Ушбу баҳсда 3:1 ҳисоби билан “Ювентус” ғалаба қозонган. 

Роналдуга қарши Шацких

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Максим Шацких 2007 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси доирасида, “Динамо Киев” сафида Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубига қарши ўйинда Криштиану Роналдуга қарши майдонга тушган. Ўшанда Шацких асосий таркибда майдонга тушган ва иккинчи тайм бошида, яъни 46-дақиқада алмаштирилган. Ушбу учрашувда 4:2 ҳисобида “манкунианликлар” ғалаба қозонган. Роналду эса дубль муаллифи бўлган.

Роналдуга қарши Ғаниев

Осиё чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум плей-офф босқичида “Ал-Наср” ўз уйида “Шабаб Ал-Аҳли” клубини қабул қилиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда мезбонлар сафида Криштиану Роналду ва меҳмонлар сафида ўзбекистонлик футболчи Азизбек Ғаниев асосий таркибда майдонга тушади. Азизбек ўша ўйинда тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилади. Ғаниев ҳам Роналдуга қарши майдонга тушган ўзбек футболчилари қаторига киради. 2024 йилнинг ёзида ўзбекистонлик футболчи “Ал-Батеҳ” сафига келиб қўшилади.

Роналдуга қарши Рашидов

2017 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасида Бирлашган Араб Амирлигининг “Ал-Жазира” жамоаси Мадриднинг “Реал”ига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳсда “қироллик клуби” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Учрашувда мадридликлар сафида Роналду асосий таркибда майдонга тушади ва голлардан бирига муаллифлик қилади. Ўша вақтлар БАА клубида фаолият олиб борган ўзбекистонлик футболчи Сардор Рашидов ушбу баҳсда захира ўриндиғида қолдирилади. У клуб сафига Қатарнинг “Ал-Жаиш” жамоасидан келади. У билан бирга бразилиялик футболчи Ромариньо ҳам “Ал-Жазира”га келиб қўшилади ва “Реал”га қарши ўйинда гол уришга муваффақ бўлади.

Роналдуга қарши Шукуров

Саудия чемпионати жорий 2024/25 йилги мавсумнинг 19-турида “Ал-Наср” ўз уйида “Ал-Файҳа”ни қабул қилди ва йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, ушбу баҳсда меҳмонлар таркибида ўзбекистонлик футболчи Отабек Шукуров 80-дақиқагача майдонда ҳаракат қилади. Мезбонлар сафида эса Криштиану Роналду ҳам асосий таркибда майдонга тушди ва 74-дақиқада ўз номини таблога ёздириб қўйди. Шу тариқа Шукуров ҳам Роналдуга қарши ўйнаган ўзбек футболчилари қаторига кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Шукуров Криштиану Роналду Элдор Шомуродов Максим Шацких Сардор Рашидов Жалолиддин Машарипов Азизбек Ғаниев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг