Роналдо ва Роберто Карлос Бразилия клубини сотиб олмоқда
Спорт
−
10:34 1155 2 дақиқа
Бразилия терма жамоасининг афсонавий футболчилари, жаҳон чемпионлари Роналдо ва Роберто Карлос Бразилиянинг учинчи дивизионида иштирок этувчи “Интернасьонал Лимейра” футбол клубини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар берди.
“Роналдо ва мен ҳозирда Энрико ҳамда яна икки нафар ҳамкоримиз билан биргаликда “Интернасьонал Лимейра” клубини сотиб олмоқдамиз. Мен вилоят клубларини яқиндан ўрганиш, уларга ҳомийлар топиш ва минтақавий футболни бизнинг давримиздаги даражага олиб чиқишни мақсад қилганман”, дейди Роберто Карлос.
Маълумотларга кўра, Роналдо ва Роберто Карлос Бразилияда минтақавий футболни ривожлантириш, миллий терма жамоа учун иқтидорли футболчиларни тайёрлаш ҳамда маҳаллий клубларни қайта ташкил этиш жараёнига кўмаклашишни режалаштирмоқда.
Роналдо аввал ҳам клубга эгалик қилган. У 2018 йилда у Испаниянинг “Реал Вальядолид” клубининг 51 фоиз акциясини тахминан 30 миллион еврога сотиб олган ва 2025 йилда уни Американинг Ignite инвестиция жамғармасига 50 миллион еврога сотган.
Унинг иккинчи йирик лойиҳаси “Крузейро” бўлган. Роналдо 2021 йилда клуб акцияларининг 90 фоизини тахминан 70 миллион долларга сотиб олиб, жамоани молиявий инқироздан чиқаришга ҳисса қўшган. 2024 йилда эса ўз улушини тадбиркор Педро Лоуренсга 117 миллион долларга сотган.
Маълумот учун, 53 ёшли Роберто Карлос фаолияти давомида “Реал Мадрид” сафида уч марта Чемпионлар лигаси ва тўрт марта Испания чемпионлигини қўлга киритган. Бразилия терма жамоаси билан у 2002 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби, 1998 йилги мундиаль кумуш медали соҳибига айланган. Шунингдек, у 1996 йилги Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган ҳамда 1997 йилги Конфедерациялар кубоги ва 1997 ҳамда 1999 йилги Копа Америка мусобақалари ғолиби бўлган.
49 ёшли Роналдо эса 1994 ва 2002 йилларда жаҳон чемпиони, 1998 йилги Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳибидир. У икки карра Копа Америка ва 1997 йилги Конфедерациялар кубоги ғолиби ҳисобланади. Фаолияти давомида “Крузейро”, PSV, “Барселона”, “Интер”, “Реал Мадрид”, “Милан” ва “Коринтианс” клублари шарафини ҳимоя қилган.
Live
Барчаси