Роналду оиласидаги фожиа унинг карьерасига салбий таъсир қилдими?
Спорт
−
20 Февраль 2023
36169Португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг “Манчестер Юнайтед” клуби билан можаролари ҳамда ўйин сифатининг тушишига ўғлининг туғилиши биланоқ вафот этгани катта сабаблардан бири бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Sport 24” нашри хабар берди.
Кўплаб мухлислар Роналдунинг бош мураббий билан келиша олмагани ҳамда Европа Лигасида “Манчестер Юнайтед” сафида ўйнашни истамагани учун исён кўтарган деб ўйлаган, аммо бунинг бошқа сабаблари ҳам бўлган.
Футболчининг қарийб 20 йиллик дўсти ва агенти бўлган Жорже Мендешнинг сўзларига кўра, Роналду 2022 йил 18 апрелда туғилган эгизак фарзандларидан бири вафот этгани учун чуқур қайғуда бўлган.
Натижаларга қарайдиган бўлсак, апрелда машҳур португалиялик “Манчестер Юнайтед” сафида ажойиб ўйин кўрсатган: “Норвич” билан ўйинда хет-трик қайд этган, “Арсенал” ва “Челси” дарвозасига ҳам гол урган ва 18 та гол билан АПЛнинг учинчи тўпурари бўлган.
Футболчининг дўстига кўра, вафот этган ўғлининг қайғуси уни руҳан чўктирган. Бу эса унинг клуб сафидаги кейинги фаолиятига ҳам таъсирини ўтказмай қолмаган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Криштиану Роналду Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” футболчисига айланди ва янги жамоада ўзининг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатини тиклаб олди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил якунида “Ал-наср” клуби Криштиану Роналду билан шартнома имзолаганини расман эълон қилди. Шартнома 2025 йилгача мўлжалланган.
Муштарий Ғаниева
LiveБарчаси