Рим папаси илк хорижий сафарини Туркиядан бошлади
Олам
−
27 Ноябрь 2025 2227 2 дақиқа
Бугун, 27 ноябрь куни Рим папаси Лео XIV ўзининг биринчи халқаро сафарига йўл олди. У 27 ноябрдан 2 декабргача Туркия ва Ливанга ташриф буюради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Келтирилишича, ушбу сафар христиан черкови томонидан қабул қилинган ва ҳанузгача миллионлаб христианлар амал қиладиган Никея эътиқодининг қабул қилинганига 1700 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган.
Папалик лавозимига жорий йил май ойида сайланган Лео Италиядан ташқаридаги илк манзил сифатида асосан мусулмон аҳолига эга бўлган Туркияни танлади. Туркияда Папа уч кун давомида қатор тарихий ва диний масканларни зиёрат қилади. Кейин эса Ливанга сафар қилиши режалаштирилган.
Марҳум папа Франциск ҳам Туркия ва Ливанга боришни режалаштирган, бироқ соғлиғи туфайли сафарни амалга ошира олмаган эди.
Ватиканни кузатувчи италиялик тадқиқотчи Массимо Фаджиолининг фикрича, сафар Леонинг позициясини ўрганиш учун катта имконият бўлади.
“Бу жуда муҳим ташриф. Чунки ҳозирча Леонинг геосиёсий қарашлари ҳақида кўп маълумотга эга эмасмиз. Ушбу сафар унинг позициясини тушуниш учун илк катта имконият”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Лео XIV сайланишидан олдин глобал миқёсда у қадар таниқли бўлмаган шахс эди. У кўп йиллар давомида Перуда миссионер бўлиб ишлаган ва фақат 2023 йилда Ватикан расмийси лавозимига тайинланган.
70 ёшли Папа бугун, 27 ноябрь куни эрталаб Римнинг Фиумичино аэропортидан Анқарага учиб кетди ва тушга яқин (Тошкент вақти билан 14:30) Туркия пойтахтига етиб борди. У ерда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва бошқа сиёсий раҳбарлар билан учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда.
Кечга бориб у Истанбулга йўл олади. Бу ерда дунёдаги 260 миллион православ насронийларининг раҳбари – Патриарх Вартоломей билан учрашди.
Live
Барчаси